Қозоғистон олимлари тинч ядро тадқиқотларида қатнашади

Қозоғистон олимлари Ядро тадқиқотлари Европа марказида ўтадиган йирик тажрибаларидан бирида қатнашади. Швейцариядаги катта адрон коллайдерида улкан портлаш назарияси ва коинот тузилишини ўрганишмоқчи. Бу ерда қозоғистонлик физикларнинг бой тажрибаси энг яхши натижаларга эришиш ва оламшумул кашфиётлар қилиш учун катта роль ўйнай олишига ишонишади.

КРИСТОФ ШЕФЕР,  ЯДРО ТАДҚИҚОТЛАРИ ЕВРОПА МАРКАЗИ БЎЛИМ МАСЛАҲАТЧИСИ /ШВЕЙЦАРИЯ/:

- Ядро тадқиқотлари Европа маркази Қозоғистон олимларини катта андрон коллайдери иши билан боғлиқ бўлган тўртта йирик тажрибанинг биттасида иштирок этишга чақирмоқда. Мазкур ташкилот биринчи навбатда инфратузилмаларни созлаш ишлари бўйича муҳандислар ёрдамига муҳтож.

Таъкидлаш жоизки, ядро технологиялари соҳасидаги ютуқлар замонавий тиббиётни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Шу жумладан, қозоғистонлик ядро соҳаси физиклари билан биргаликда олимлар инсон организмидаги ўзгаришларни юқори даражада аниқ кўрсатиб бера олувчи изотоплар яратишга муваффақ бўлди. Бу препаратлар онкологик касалликларни жуда эрта аниқлаш ва уларга қарши курашишга ёрдам беради.

ЯН КУЛКА, ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР УНИВЕРСИТЕТИ ХОДИМИ /ПОЛЬША/:

- Томографияда изотоплар касалликларни аниқлаш учун ишлатилади. Аммо “брахи-терапия” учун ишлатиладиган бошқа гуруҳ изотоплари ҳам бор. Бунда изотоп маълум бир шахслар баданига нурлантириш учун киритилади. Бугунги кунда ана шундай изотоплар ишлаб чиқара олувчи кам қувватли реактор яратиш вазифаси турибди.

Экспертлар таъкидлашича, ядро энергиясидан фойдаланишда бирор соҳани четлаб ўтиш мумкин эмас. Уни қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ишлатиш мумкин. Маълум бўлишича, радиация ёрдамида ўсимликлар тузилиши, ҳайвонлар ҳужайраларини такомиллаштириш мумкин экан. Шу тариқа улар самарадорлиги, атроф-муҳит ва зараркунандалар таъсирига чидамлилигини ошириш мумкин. Аммо булар барчаси тинч атом бера оладиган имкониятларнинг фақат бир қисми, холос.

НАСРУЛЛА БЎРТЕБАЕВ, ЯДРО ФИЗИКАСИ ИНСТИТУТИ БОШ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Ядро технологиялари ёрдамида айни вақтда турли янги композицион материаллар барпо этиш мумкин. Шунингдек, табиатда мавжуд бўлмаган материалларни ярата оламиз. Масалан, ўта юқори ҳарорат ва радиация даражасига чидамли мустаҳкам юзаларни. Коррозияга чидамли материалларни. Ва буларнинг кўпчилигини саноатимизнинг алоҳида соҳаларида ишлатиш имконият мавжуд.

Тинч атомдан фойдаланиш янги ва янги истиқболли йўналишларни очиб беряпти. Шунинг учун ҳам жаҳоннинг етакчи олий таълим даргоҳлари келгусида ғаройиб кашфиётларга эришиши мумкин бўлган ядро тадқиқотлари билан шуғулланувчи физиклар тайёрлашга маблағ сарфлашга тайёр.

Фото: kaznu.kz