Фэнтези жанридаги асар давом эттирилади

Фэнтези жанридаги асар давом эттирилади

Таниқли қозоғистонлик ёзувчи Зауре Тўреханова «Амина Туран номадлар мамлакатида» деб аталган китобининг давомини чоп этади. 12 ёшли қизалоқнинг сеҳрли кўчманчилар мамлакатидаги саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи, Қозоғистон учун ноодатий бўлган фэнтези жанридаги асар болаларга манзур бўлди. Китобнинг иккинчи қисмини ёзувчи жорий йилда якунлаш ниятида. Романга ном ҳам берилди: «Амина Туран Буюк Ипак йўлида». Зауре Тўреханова айтишича, у ёзувчи сифатида ёш ўқувчиларига уларга ўхшаш қаҳрамон тақдим этишни ўз вазифаси, деб билади.

ЗАУРЕ ТЎРЕХАНОВА, ЁЗУВЧИ:

- Ўқиган болаларга ёқди, чунки улар ўзлари ҳақида мутолаа қилишни истайди. Яъни китоб персонажлари уларнинг ўзига ўхшаши, демак, китобхон ўзини асар воқеаларида иштирок этаётган қаҳрамонларга тенглаштира олиши зарур. Болалар ёзувчиси сифатида мен ўз олдимга шундай мақсад қўйганман. Китобим улар тасаввурини кенгайтиришини истайман.

Бадиий асарлардан ташқари Зауре Тўреханова қаламига мансуб иккита йўл кўрсатувчи китоб бор, улар Алмати ва Нур-Султон ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф бунда одатдагидан ташқари формат танлаган, ранг-баранг суратлар ва ёрқин фотографиялардан фойдаланган. Айни вақтда, ҳар иккала китоб болалар ва катталар учун мўлжалланган. Улар шаҳарлардаги диққатга сазовор жойлар ҳамда улар тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Эслатамиз, ушбу китоблар АҚШ Конгресси кутубхонасига ҳам олинган. Ҳозир улар Америка президентлари Жефферсон ва Адамс номли биноларда сақланади.

ЗАУРЕ ТЎРЕХАНОВА, ЁЗУВЧИ:

- Алмати ҳақидаги китоб муваффақиятли чиқди, шундан кейин пойтахтимиз тўғрисида ҳам китоб яратиш ҳақида ўйлай бошладик. Чунки бош кентимизнинг ҳам бой тарихи бор, бу ўлкада ватанимиз учун муҳим кўплаб воқеалар юз берган. Шунинг учун ҳам китоб номини узоқ ўйлаб турмай шундай атадик: “Ватанимиз юраги – кўркам Астана”.

Ёзувчи келгусида ҳам асар ёзишда давом этиш, ўқувчилар аудиториясини кенгайтириш ниятида. Албатта, ҳар қандай амбицияли муаллиф сингари Зауре Тўреханова улар Қозоғистондан ташқарида ҳам чоп этилишини истайди.

Фото: awardslondon.com