2025 йилга бориб, мамлакатда сайёҳлар сонини 13 миллионга ошириш режалаштирилган

Ақмўла вилоятининг Бўрабай туманида замонавий курорт қурилиши бошланди. Дам олиш ҳудуди 233 гектарни ташкил қилади ва унга тураржойлар, фаол дам олиш майдонлари, болалар майдончалари киради. Мутахассислар таъкидлашича, лойиҳа минтақага ташриф буюраётганлар сонини ва туристик потенциални оширишга хизмат қилади.  Таъкидлаш жоиз, Бўрабайга йилига 1 миллион нафар атрофида меҳмон ташриф буюради, келгуси йил улар сони икки баравар ошиши режалаштирилган.

АЛМАС САҒДИЕВ, ВИЛОЯТ ТУРИЗМ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Туристик потенциални рўёбга чиқариш учун «Four seasons» Концепцияси амалга ошириляпти, унинг доирасида турли-туман тадбирлар ташкил этилмоқда. Кузда ташкил қилинадиган тадбирлардан бири –  “Рэйс Нэшн” спорт пойгаси,  қишда эса «Кансонар» тадбири ташкил қилиниши режалаштирилган. Унда овчи қушлар беллашуви ўтказилади.

Шарқий Қозоғистонда ҳам туристлар оқимини кенгайтириш режалаштирилган. Улар аввало Алакўлга жалб этилади. Бугунги кунда махсус ишчи гуруҳ кўл соҳилини ободонлаштириш масалалари билан шуғулланмоқда, 30 миллиард тенге кўламида лойиҳалар рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. Алакўлда дам олишдан ташқари меҳмонлар Катон-Қарағай ёки Риддер шаҳарларига боришни ҳам маъқул кўради. Россияликлар эса кўпроқ Бухтарма сув омбори томон йўл олади.

МАРАТ КАБАКОВ, ШАРҚИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИ ТУРИЗМ ВА ТАШҚИ АЛОҚАЛАР БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

 - Дастур доирасида Алакўл соҳиллари фаол ривожлантирилади. Жорий йил ўзида сув таъминоти, аэропортни реконструкция қилиш, соҳилларни мустаҳкамлаш каби бир қатор йирик лойиҳалар лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиляпти. Уларни келгуси тўрт йил ичида рўёбга чиқариш ниятидамиз. Бундан ташқари, Катон-Қарағай, Риддер, Бухтарма, Глубоковскийда ҳам ривожланиш давом этади.

Туркистон вилояти раҳбарияти ҳам туристлар оқими тобора ортиб боришига умид қиляпти. Минтақада Туркистон тарихий обидаларини сақлаб қолиш, уларни янада ободонлаштириш, Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини сақлаб қолган ҳолда янги маъмурий-ишбилармонлик маркази қуришга алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидлаш лозим, охирги 7 ой давомида Туркистонга 700 минг нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. Умуман олганда, маҳаллий раҳбарият 2025 йилга бориб туристлар оқимини оширишга оид кўрсаткични 5 миллионгача етказиш ниятида.

Фото: travel-picture.ru