Нур-Султонда кўча санъати тобора ривож топмоқда

Нур-Султонда кўча санъати тобора ривож топмоқда

Қозоғистон пойтахтида кўча санъати тобора кенгайиб бормоқда. Халқаро арт-фестиваль доирасида шаҳар бинолари пештоқларида мураллар пайдо бўлади – бу йўналиш монументал тасвирий санъатда оммалашган. Кўп қаватли бинолар деворларидаги катта суратларни нафақат қозоғистонлик, балки бошқа мамлакатлардан келган усталар ҳам чизади. Жорий йилда 104 нафар мўйқалам соҳиби ҳакамлар эътиборига 200 дан зиёд ишни тақдим этди.

ЕРЖАН БЕЖКЕНОВ, САРИАРҚА ТУМАНИ ИНТЕРНЕТ-РЕСУРСЛАР БЎЛИМИ РАҲБАРИ /НУР-СУЛТОН ШАҲРИ/:

- 200 та вариантдан шаҳар кенгаши 20 та энг яхшисини танлаб олди. Эскизлар муаллифлари - жаҳоннинг турли шаҳарларида ўз асарини намойиш этган 104 нафар рассом. Ана шу 20 тадан энг яхши учтасини биз Сариарқа тумани учун саралаб олдик. Шуни ҳам айтиш керак, масалан, манави бургутни рус мусаввири Соколов қозоғистонлик ҳамкасби билан биргаликда яратган. У - мустақил Қозоғистон тимсоли.

Мураллар илк бора 90 йил муқаддам Мексикада пайдо бўлган. Кейинчалик Лотин Америкасида кашф этилган бу санъат жаҳоннинг турли мамлакатларида урф бўлди. Экспертлар айтишича, фасадлардаги расмлар туфайли ҳар қандай шаҳар ўз қиёфасига эга бўлиб, ўзига хослик касб этади. Бу эса глобаллашув ва урбанизация авж олган асримизда жуда муҳим.

ОЛЬГА ВЕСЕЛОВА, «URBAN ART ASTANA» ФЕСТИВАЛИ КУРАТОРИ:

- Бу ерда шаҳарнинг ўзига хослиги шаклланади. Биз фестиваль доирасида аҳоли фикрини ўргандик. Пойтахт аҳлининг кўпчилиги муралларни томоша қилганида ўзини айнан эл ўрдасида яшаётганини ҳис қилишини айтди. Биргина пештоқ, биргина деворга қарашнинг ўзидаёқ улар пойтахтда эканлигини ҳис қилади. Бу эса Нур-Султон каби янгидан барпо этилаётган навқирон шаҳар учун жуда муҳим. Бундан ташқари, мураллар янги туристик манзиллар, диққатга сазовор жойлар сифатида ҳам муҳим.

Таъкидлаш жоиз, Қозоғистон пойтахтида ўтган халқаро фестивалда Аргентина, Япония ва Европа мамлакатларидан ҳам мусаввирлар қатнашди. 

Фото: tengrinews.kz