Қозоғистон Миллий ядро марказида “Тўқамақ” реактори ишга туширилишга тайёрланмоқда

Қозоғистон Миллий ядро марказида “Тўқамақ” реактори ишга туширилишга тайёрланмоқда

Бошқариладиган термоядровий синтез дунёни энергия танқислигидан халос қилиши мумкин. Қозоғистон миллий ядро маркази олимлари шу назария устида иш олиб бормоқда. Мутахассислар айтишича, Қозоғистоннинг  маъданшунос «Тўқамақ»и муқобил энергия манбаларини излаш масаласини ҳал қила олади. Эслатамиз, Тўқамақ – магнит ғалтакли тороидал камера бўлиб, у бошқарилувчи термоядро синтези соҳасида тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган.

ЭРЛАН БАТИРБЕКОВ, МИЛЛИЙ ЯДРО МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ:

- Инсоният плазмани, қўлбола кичкина қуёшни ўзи истаган жойда тутиб туришни ўрганиши билан биз барча муаммоларни ҳал қиламиз. Чунки, таъкидлаш жоиз, термоядро энергияси, биринчидан, экологик тоза бўлиш билан бирга, амалда чексиз миқдорда ишлатилиши мумкин бўлган модда. Водород, умуман олганда, океанларни тўлдириб ётган сувдан иборат. Айниқса, бизда водород ажратиб берувчи ядро технологиялари, юқори ҳароратли ядро реакторлари мавжуд бўлса, унинг самарадорлиги жуда юксак бўлади.

Шу кунларда олимлар Қозоғистоннинг маъданшунос «Тўқамақ»ини ишга туширишнинг иккинчи босқичини бошлашга тайёрланяпти. ITER халқаро лойиҳаларининг муҳим қисми бўлган бу жараёнда термоядро синтезини бошқара олиш кўзда тутилган. Келажакда термоядро энергетикасига ўтиш орқали инсоният битмас-туганмас ва экологик тоза энергия манбасига эга бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш лозим, «Тўқамақ»нинг илк иш бошлаши «ЭКСПО-2017» халқаро кўргазмаси муносабати билан амалга оширилган.

ДЕНИС ЗАРВА, МИЛЛИЙ ЯДРО МАРКАЗИ ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

- Ўшанда, 9 июнда биз илк бора рисоладагидек плазма олишга муваффақ бўлгандик. Албатта, энг биринчи марта 2010 йилда ускунани ишлатиб кўрганмиз. Аммо бу сафаргиси ҳақиқий, «Тўқамақ»дан фойдаланиш дастурига юз фоиз мувофиқ келадиган плазма разряди бўлган.

Бу каби тадқиқотларга дунёда эҳтиёж катта. МДҲ давлатлари билан «Тўқамақ»дан биргаликда фойдаланиш бўйича келишув имзоланган. Бу Қозоғистонга реакторни даромад манбаига айлантириш имконини беради.

БАУРЖАН ЧИҚТИБАЕВ, МИЛЛИЙ АТОМ ЭНЕРГИЯСИ ИНСТИТУТИ ТЕРМОЯДРО ТАДҚИҚОТЛАРИ БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

- Барча тадқиқотлар ўзига хос, ноёб, жаҳон фани ва термоядро соҳаси мутахассислари учун қизиқарли. Бугунги кунда Францияда синов мақсадларида термоядро реактори қуриляпти. У ITER деб номланган ва мазкур лойиҳа термоядро реакциялари воситасида энергия олиш имконияти техник жиҳатдан мумкинлигини исботлаши даркор. Аммо қатор ҳал этилмаган муаммолар бор. Масалан, иссиққа чидамли материаллар танлаш зарурати. Плазма билан ёндашадиган турли материалларни бизнинг ускунамизда синаб кўриш мўлжалланган.

“Тўқамақ”нинг иккинчи, якуний жисмоний синови сентябрь ойига мўлжалланган. Шундан кейин мажмуадан тўлақонли фойдаланилади.

Фото: khabar.kz