Тарихий алоқалар туризм ривожига ижобий таъсир кўрсатади

Тарихий алоқалар туризм ривожига ижобий таъсир кўрсатади

Қозоғистон жаҳоннинг барча мамлакатларидан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Ўтган йили юртимизга 8 миллион нафардан зиёд меҳмон ташриф буюрди. Хорижликларни кўркам табиатимиз ва Буюк Дашт тарихий ёдгорликлари қизиқтиради. Шунингдек, виза тартибининг енгиллаштирилиши ҳам саёҳатчилар сони ортишига сабаб бўляпти. Ҳозир жаҳоннинг 60 мамлакатидан келган туристлар республика ҳудудига виза расмийлаштирмасдан кира олади. Грузия аҳолиси ҳам шулар жумласидан. Туристик компаниялар берган маълумотларга кўра, сўнгги йил давомида ушбу давлатдан келган саёҳатчилар сони 75 фоизга ортди.

МОНИКА ВАТИБАШВИЛИ, ТУР-АГЕНТЛИК ХИЗМАТЧИСИ:

 - Аввал грузинлар асосан иш юзасидан келса, бугунги кунда уларнинг аксар қисми Қозоғистонни кезиш, томоша қилишни мақсад қилган. Бу - қизиқарли тарихга эга ривожланган давлат. Грузин сайёҳлари кўпроқ Туркистон шаҳрини томоша қилишни истайди. Қадимий шаҳар ёдгорлик ва масжидлари билан кўркам. Бундан ташқари, кўпчиликни Қозоғистон табиати ва турли-туман ландшафтлари қизиқтиради.

Айниқса, Буюк Ипак йўлида жойлашган Қозоғистоннинг қадимий шаҳарлари грузинларни ўзига ром этади. Қозоғистонликлар эса бу ерларни экскурсиялар ва юртимиз санаторияларида дам олаётганида зиёрат қилади. Шу билан бирга, Грузия заминида ҳам тарихий туризм ривожланишда давом этмоқда. Чунки бу ўлка ҳудудида қозоқларнинг буюк аждодлари – қипчоқлардан қолган ёдгорликлар анчагина. “Аждодлар изидан” илмий экспедицияси раҳбарининг фикрича, бу факт туризм янада тараққий этишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, турли маданий фестиваллар, ҳунарманд усталар кўргазмаларига ташриф буюрувчилар сонини оширади.

САПАР ИСҚАҚОВ, «АЖДОДЛАР ИЗИДАН» ЭКСПЕДИЦИЯСИ РАҲБАРИ:

 - Грузинлар ҳамкорликда фильм яратишга тайёр. Улар қозоқлар ҳам, грузинлар ҳам ўтмишимизни билишларидан манфаатдор. Умумий тарихимиз акс этган ёдгорликлар барпо этиш даркор. Музейлар ишида ҳам биргаликда фаолият юритиш, ўзаро экспонат алмашиш зарур.

Агарда Қозоғистон ва Грузия тарихий меросимизни оммалаштириш бўйича биргаликда иш юритса, икки мамлакат ўртасидаги туристик алоқалар ҳам янги даражага чиқади, деб таъкидлади экспедиция раҳбари.

Фото: kapital.kz