Сайёҳларни жалб қилувчи маскан

Сайёҳларни жалб қилувчи маскан

Буюк Дашт тарихи ва маданий мероси бутун жаҳон саёҳатчиларини ўзига жалб этади. Хорижий туристлар ўртасида энг машҳур бўлган жойлардан бири - Нур-Султондаги Қозоғистон миллий музейи. Бу ерда, бир жойнинг ўзида мамлакат тараққиёти босқичларининг барчасини кўриш мумкин. Зиёратчиларга қулай бўлиши учун экскурсия қозоқ, рус, инглиз, хитой ва турк тилларида олиб борилади.

МАЙРА ТУРСИНҚИЗИ, ЭКСКУРСОВОД:

-  Хорижлик  сайёҳлар мустақилликдан кейинги тарихимизни яхши билади. Аммо уларда узоқ ўтмиш ҳақидаги маълумотлар камлиги туфайли ҳар сафар музейга ташриф буюришганида қадимий экспонатларга катта эътибор билан қарашади. Уларни Қозоғистон ҳудудида топилган «Олтин одам» ҳақидаги маълумотлар ҳам жуда қизиқтиради.

Аналитиклар айтишича, кўчманчилар ўтмишини ўрганишни истаганлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Биргина 2018 йилда Миллий музейга қозоқ халқининг ўзига хос тарихини ўрганиш ва ноёб экспонатларни кўриш учун 21 минг нафардан зиёд хорижлик ташриф буюрган.

ВЛАДИМИР ЮСТУС, ТУРИСТ /ГЕРМАНИЯ/:

 - Агар хориждан кимдир Қозоғистонни ўрганиш учун келса, аввало мазкур музейни кўриб чиқиши шарт. Бу ерда Қозоғистон ўтмишини чуқур ўрганиш, ибтидоий даврларгача бўлган қазув ишлари натижаларини томоша қилиш, шунингдек, Қозоғистоннинг ютуқларини кўздан кечириш имкони бор.

Қозоғистон Миллий музейи – Марказий Осиёдаги энг ёш ва йирик музейлардан бири. Бино ўзига хос меъморий шаклда қурилган. Тўққиз қаватли мажмуа етти блокдан иборат. Жами 14 та экспозиция зали бор. Музей қошида илмий-тадқиқот институти ҳамда экспонатларни тиклаш маркази ҳам ишлаб турибди. Муассасанинг асосий вазифаси: Қозоғистон тарихининг ибтидоий жамоа тузумидан бугунги кунгача бўлган даврини ташриф буюрувчиларга тўлақонли кўрсатиб беришдир.

ДАУЛЕТКЕРЕЙ ҚУСАИНОВ, МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

 - Қозоғистон миллий музейи бўлгани учун бу ерда, биринчи навбатда, мамлакатимиз тарихи, шунингдек, қозоқ халқи, унинг маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар тақдим этилган. Барча босқичлар акс эттирилган. Энг қадимий давр, бронза даври, саклар даври, космонавтларнинг илк парвозлари – ҳаммаси бор.

Бугунги кунда Миллий музейда жамланган экспонатлар сони 200 мингдан зиёд. Шу билан бирга, унинг жамғармаси мунтазам тўлдириб борилади. «Миллий музейга ҳадя» акцияси доирасида унга тўрт мингдан зиёд қимматли экспонатлар топширилди.

Фото: mustvisit.world