Юқори Уральскда қозоқ миллий ижодиёти фестивали ўтказилди

Юқори Уральскда қозоқ миллий ижодиёти фестивали ўтказилди

Россиянинг чегараолди минтақаси – Юқори Уральск туманида «Она ер» деб аталган қозоқ миллий ижодиёти фестивали бўлиб ўтди. Жорий йилда олтинчи марта ўтказилаётган тадбирда Челябинск, Курган ва Свердловск вилоятларининг бир қанча туманларидан ташриф буюрган миллий марказлар аъзолари ўз иқтидорини намойиш қилди. Бундай улкан байрамга Қўстанай делегацияси ҳам бажонидил қатнашди. Фестиваль дастури жуда бой ва қизиқарли бўлди. Байрам меҳмонлари ва иштирокчилари эътиборига турли спорт беллашувлари, мастер-класслар, ўйин, қўшиқлар ва мазали таомлар тақдим этилди. Шунингдек, энг яхши тикилган ўтов учун ва шу каби турли танловлар ташкил этилди.

АЛТИН УТЕГЕНОВА, ҚЎСТАНАЙ ВИЛОЯТ ДЎСТЛИК УЙИ ВАКИЛАСИ:

 - Биз бугун замонавий, янги, тикланаётган, бугунги ёшлар қабул қилаётган жиҳатларни олдик. Бу аждодларимизда мавжуд бўлганларни сақлаб қолиш, келажак авлодга етказиб бериш учун жуда муҳим.

АЙНУР ЖАДИРОВА, ҚЎСТАНАЙ ВИЛОЯТ ДЎСТЛИК УЙИ ВАКИЛАСИ:

 - Мана бу ерда бешик турибди. Ҳозир биз чақалоқни қандай йўргаклаш, уни бешикка тўғри ётқизишни кўрсатамиз. Бу ерда қозоқ нақшлари туширилган кўрпа-кўрпачалар ҳамда қачонлардир аждодларимиз кийган чопонлар ва бош кийимлари ҳам бор.

Фестиваль давомида энг яхши қозоқ бувиси сайланди. Беллашувда 55-60 ёшдаги аёллар иштирок этди. Илк бор ўтказилган «Жайма» танлови эса кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Унда қатнашганлар бешбармоқ учун энг юпқа хамир ёйишни уддалаши лозим эди.

ГУЛСАРА ТУРҒИНОВА, ҲАКАМЛАР ҲАЙЪАТИ АЪЗОСИ:

 - Мен аждодларимиз анъаналарини, қурут, творог, сариёғ ва бошқа емакларни тайёрлаш сирларини унутмай сақлаб келаётган ва бизга етказган бувиларимиз қаршисида бош эгаман. Уларнинг қайси бири яхшироқлигини аниқлаш эса жуда қийин.

Бундан ташқари, тадбирда чавандозлар пойгаси ҳам ташкил қилинди. Таъкидлаш жоиз, ташкилотчилар тахминий ҳисобига кўра, жорий йилда қозоқ миллий ижодиёти фестивалида беш минг нафардан зиёд одам иштирок этган. 

Фото: Хабар 24