Абай таваллудига 175 йил: «Абай-Шакарим» мемориални таъмирлаш

Абай таваллудига 175 йил: «Абай-Шакарим» мемориални таъмирлаш

Келаси йили буюк шоир, адиб, жамоат арбоби Абай Қўнонбоев таваллудига 175 йил тўлади. Шу муносабат билан мамлакатда турли йирик маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, машҳур сана арафасида бир қатор мемориал мажмуаларни таъмирлаш кўзда тутилган. Масалан, «Абай-Шакарим»ни.  

ЖАНДОС АУБАКИР, АБАЙ МУЗЕЙ-ҚЎРИҚХОНАСИ ДИРЕКТОРИ:

- 200 миллион тенге ажратишни режалаштиряпмиз. Бу маблағлар мажмуа капитал таъмирига сарфланади. Абай меросига катта эътибор қаратган, умумий анъанага эга бўлганларнинг барчаси учун шароит яратишимиз лозим. Бу ерга кўплаб хорижлик меҳмонлар, юртимиздан сайёҳлар келади. Яъни Абай мероси ва руҳияти билан умумлашиш истагида бўлганлар. Шу боис, музей халқаро тоифадаги замонавий мажмуа бўлиши керак.

Абай авлоди - Кусман Берлешовнинг ишончи комилки, буюк шоир ва маърифатпарвар туғилган жой бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилувчи ерга айланиши мумкин. Бу ҳайратланарли эмас, зеро, у фақат Қозоғистонда эмас, унинг чегараларидан олисларда ҳам машҳур.

КУСМАН БЕРЛЕШОВ, АБАЙ АВЛОДИ:

-  Абай ижодини кўплаб халқлар севади, ардоқлайди. Масалан, Германия аҳолиси. Кўпчилик унинг асарларини ёд билади. Немислар кўпинча Абайни буюк Гётега тенглаштиради. Абай – қозоқ халқи юраги, унинг «Қора сўз»и дунё ва одамзод борлиги моҳиятини англашга бағишланган бебаҳо асар.

Айтиш жоиз, Абай юрти – Жедибай қишлоғига ҳар куни ўнлаб, ёзда эса юзлаб сайёҳлар келади. Айнан шу ерда – Семей шаҳридан 180 километр масофада буюк шоир ва маърифатпарвар уй-музейи жойлашган. Уйни 124 йил аввал унинг ўзи қурган. Шу ерда бир умр яшаган ва ижод қилган. Бугунги кунда музейда шоир шахсий буюмлари бўлган 50 дан зиёд қимматли  экспонат мавжуд. Абайнинг бой меросини тўлақонли ўрганиш учун Маданият ва спорт вазирлиги масканни хорижий сайёҳларга бир йўла 3 тилда маълумот олиш имконини берадиган аудиогид ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш ниятида.