Ақтауда сайёҳлар катерда сайр қилмоқда

Ақтауда сайёҳлар катерда сайр қилмоқда

Қозоғистон компаниялари мамлакатимиз меҳмонлари учун янги туристик маҳсулотлар таклиф этмоқда. Ҳар бир минтақада дам олувчилар мазмунли вақт ўтказиши учун турли-туман таклифлар ишлаб чиқиляпти. Масалан, Ақтауда катерда саёҳат туристларнинг севимли машғулотига айланди. Денгиз саёҳати ҳар куни амалга оширилади, кема капитанлари эса халқаро даражадаги елканли кема спорти усталари. Замонавий кемалар ярим соат давомида Каспий соҳили бўйлаб 7 километрни сузиб ўтади. Икки ҳафтада янги транспорт воситасида 3 мингдан ортиқ сайёҳ атрофни томоша қилди.

АЙНУР УСЕЕВА, АТИРАУДАН:

 - Ажойиб экскурсия. Биринчи марта Каспий бўйлаб саёҳатга чиқишим. Катерлар сони ортиши билан сайёҳ ҳам кўпаяди, деб ўйлайман. Шунингдек, капитан ва матрос барча саёҳатчилардан қутқарув нимчалари кийишни талаб қилаётгани кишини қувонтиради.   

ТЕМИРЛАН ТУЛЕШЕВ, АҚТАУДАН:

 - Соҳилни айланиб юрарканман, шундай катерларни кўриб қолдим. Айланиб келишга қарор қилдим. Кўп чиройли жойларни, Ақтауни бошқа ракурсдан томоша қилдим. Келгуси сафар севганимни ҳам чақираман.

Россияда ишлаб чиқарилган янги катерлар беқарор об-ҳаволи Каспийда саёҳат қилиш учун махсус ишланди. Бортлари кўтарилди, палуба кенгайтирилди, тентлар тортилди. Кема соатига 90 километр тезликда сузиши мумкин. Двигателлари қуввати 200 от кучига тенг. Бортга бир вақтнинг ўзида 15 одам чиқиши мумкин.

ҒАНИ АБДИСАДИҚОВ, ТАДБИРКОР:

-  Мазкур лойиҳани биз 3 йил давомида ўйладик, ишлаб чиқдик, камчиликларини тузатдик. Каспий жуда ўзига хослигини айтгим келади. Бу ерда турли баландликдаги ва тезликдаги тўлқинлар учрайди. Катерлардан келгусида ҳам муваффақиятли фойдаланиш учун тўлқинқайтаргич керак. Агар маҳаллий ҳокимлик рухсат берса, тўлқин кучини кесадиган махсус конструкция ўрнатган бўлардик.

Минтақада туристик саёҳатлардан ташқари Форт-Шевченко, Ақтау, Қуриқ ва Кендирли аҳоли манзилларини мунтазам боғловчи денгиз транспортини ривожлантириш режалаштирилган.

Фото: Хабар 24