Пойтахтда «PATA Travel Mart 2019» халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтади

Пойтахтда «PATA Travel Mart 2019» халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтади

Жаҳон туристик саноат вакиллари Қозоғистонда жам бўлади. Сентябрь ойида пойтахтда «PATA Travel Mart 2019» халқаро туристик кўргазмаси бўлиб ўтади. Тадбир Осиё-Тинч океани туризм ҳамжамияти раҳбарлиги остида ўтади ва бу - бундай миқёсда ташкил этилган Марказий Осиёдаги дастлабки тадбир. «PATA Travel Mart» анжуманида жаҳоннинг 60 мамлакатидан минг нафардан зиёд туристик саноат вакиллари иштирок этиши кутиляпти.

PUANGTHIP CHOTIPANTAWANON, «PATA» ОСИЁ ВА ТИНЧ ОКЕАНИ ТУРИЗМ ҲАМЖАМИЯТИ ВАКИЛИ:

 - Тадбиркорлар учрашувларидан ташқари 2 та форум ташкил қилиш ниятидамиз. Улардан биринчиси - трэвелюшн форум, унда туризм соҳасидаги сўнгги технологик ишланмалар ва энг яхши лойиҳалар тақдим этилади. Иккинчиси  – машҳур америкалик режиссёрнинг стори-теллинг бўйича мастер-класси, у турларни сотиш учун стори-теллингдан қандай фойдаланиш ҳақида.

Ташкилотчилар «PATA Travel Mart 2019» майдончасида турли давлатларнинг тур операторлари нафақат тадбиркорликда алоқа боғлаш, балки ўз бизнесини илгари суриш учун янги билимларга эга бўлишига ишонч билдирмоқда. Бундан ташқари, мутахассислар айтишича, тадбир Қозоғистоннинг ҳам, Марказий Осиё минтақасининг ҳам туристик потенциали очилишига хизмат қилади.

ҚАЙРАТ САДУАҚАСОВ,  «KAZAKH TOURISM» ҲЖ МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Бу ерга Марказий Осиё минтақаси маҳсулотини сотишдан манфаатдор 300 дан ортиқ одам келиши кутиляпти, анжуман давомида Қозоғистон ва хорижий ҳамкорлар ўртасида 10 минг соатдан зиёд бизнес учрашувлар ўтиши режалаштирилган.

Экспертлар таъкидлашича, халқаро маркетинг – жаҳон бозорида ўзимиздаги туристик маҳсулотларни тақдим этиш учун ажойиб имконият. Тадбирни 20 дан ортиқ жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари батафсил ёритиб боради. Таъкидлаш жоиз, ушбу халқаро кўргазма 1978 йилдан бошлаб мунтазам ўтказилади. Ўтган давр мобайнида жаҳоннинг 44 та йирик шаҳри унинг мезбони бўлган, уларда 40 мингдан ортиқ делегат иштирок этган.

Фото: pata.org