Қозоғистонда ўтаётган Ёшлар йилининг асосий устувор жиҳатларидан

Қозоғистонда ўтаётган Ёшлар йилининг асосий устувор жиҳатларидан

Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш Қозоғистонда ўтаётган Ёшлар йилининг асосий устувор жиҳатларидан. Мамлакатда мазкур йўналишда Жаҳон банки ҳамда Таълим ва фан вазирлиги рўёбга чиқараётган «Zhas Project» лойиҳаси мавжуд. Дастур доирасида ёшлар гуруҳларига ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун миллион тенгегача бўлган грантлар ажратиляпти.  Шунингдек, иштирокчилар ҳар ойда стипендия олади. Олти ой давомида улар ўз лойиҳаларини ривожлантиришлари зарур, деб мўлжалланган. Дастур 14 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар учун.

АЛЕКСАНДРИЯ ВАЛЕРИО, ЖАҲОН БАНКИ ТАЪЛИМ БЎЙИЧА ЕТАКЧИ МУТАХАССИСИ:

 - 8 минг нафарга яқин ёшлар мазкур дастур имкониятларидан фойдаланди. Улар тренингларда қатнашди, ҳаётда керак бўладиган кўникмаларни ўрганди. Шунингдек, менторлар ёрдамини олди. Уларда режалаштириш ва бюджет тузиш кўникмалари шакллантирилди. Бу эса ғояларни рўёбга чиқариш учун жуда муҳим. Жаҳон банки лойиҳага 21 миллион доллар маблағ киритди, айни вақтда биз лойиҳа туфайли юз берадиган ўзгаришларга ҳам капитал киритдик, деб ўйлайман.

«Book Time» мазкур лойиҳа доирасида қўллаб-қувватланган лойиҳалардан бири. Унинг иштирокчилари болаларда китобга меҳр уйғотишга ёрдам беради. Олинган грантга болалар ускуналар ва китоблар харид қилди. Қисқа вақтда марказ турли ёшлардаги болалар орасида оммалашиб кетди.

МАДИНА ТЎЕМБАЕВА, «BOOK TIME» ЛОЙИҲАСИ РАҲБАРИ:

-  Болаларнинг ҳаммасини ҳам ота-оналари зўрлаб ўқита олмайди. Шунинг учун ҳам биз болаларда ўқишга меҳр уйғотиш ниятида иш бошладик. Чунки китоб ўқиш фантазияни ривожлантиради, тўғри, танқидий фикрлашга ёрдам беради. Болаларни китоб муаллифлари билан таништирдик. Кутубхоналарга экскурсиялар ташкил этмоқчимиз.

Лойиҳа доирасида болалар жамоа бўлиб ишлаш ва ўз лойиҳасини бошқаришни ўрганади. Финал босқичда улар ўз ғояларини бизнесга айлантириш имконига эга бўлади. Таъкидлаш жоиз, «Zhas Project» лойиҳаси билан Манғистау, Ғарбий Қозоғистон, Атирау ва Ақмўла  вилоятлари, шунингдек, Нур-Султон ва Алмати шаҳарлари қамраб олинди.

Фото: pricom.kz