Маҳаллий ҳокимият Алакўл соҳилларини ободонлаштириш учун деярли 16 миллиард тенге ажратади

Маҳаллий ҳокимият Алакўл соҳилларини ободонлаштириш учун деярли 16 миллиард тенге ажратади

Маҳаллий ҳокимият Алакўл соҳилларини ободонлаштириш учун деярли 16 миллиард тенге ажратади. Бу ерда қатор йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш режалаштирилган. Масалан, Ақши посёлкасида замонавий дам олиш истироҳат боғи очилади. Бундан ташқари, тренажёр майдончаси, болалар ўйин зоналари, сайр қилиш учун хиёбонлар, шунингдек, қаҳвахона ва киосклар очилади. Марказда эса амфитеатр жойлашади.

ДЕНИС КОНИГИН, ЛОЙИҲА РАҲБАРИ:

 - Ишлар май ойи ўрталарида бошланган, биз графикдан анча илгарилаб кетдик. Иншоотларни декабрь ойида топшириш режалаштирилган. Аммо биз ҳамма ишларни ноябрда тугатамиз, деган ниятдамиз.

Соҳилларни аниқ режа асосида ривожлантириш туфайли 2018 йилда Алакўлга бир миллион нафардан зиёд турист ташриф буюрди. Экспертлар фикрича, жорий йилда улар сони янада кўпроқ бўлиши аниқ.

АЖАР АБИЕВА, АЛМАТИ ШАҲРИДАН:

 - Мен Алмати шаҳридан атайин Алакўлга келдим. Бу ерда ҳамма нарса кўнгилдагидек. Хизмат кўрсатиш ва йўллар сифати менга жуда маъқул.

Сўнгги уч йил мобайнида курорт посёлкаси инфратузилмасини ривожлантириш учун давлат бюджетидан 5 миллиард тенгедан зиёд маблағ йўналтирилди. Йўллар таъмирланди, махсус темирйўл йўналишлари ва авиа қатновлар йўлга қўйилди. Ўтган йили бу ерда коммунал хўжалик иш бошлади.

ДАСТАН АҚАНОВ, АЛАКЎЛ ТУМАНИ УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХЎЖАЛИК БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

 - 2018 йилда 7 та махсус техника бирлиги сотиб олиш учун 200 миллион  тенге ажратилди. Жорий йилда қўшимча 8 та техника воситаси харид қилиш учун 195 миллион тенге сарфланяпти.

Алакўлни Қозоғистон ҳудудидаги энг машҳур курортлардан бири, деб аташ мумкин. Сўнгги 5 йил мобайнида бу ерда 220 дан ортиқ дам олиш зоналари бунёд этилди. Таъкидлаш жоиз, кўл бўйида ҳордиқ олиш учун нафақат қозоғистонлик, балки хорижликлар ҳам ташриф буюради.

Фото: tengritravel.kz