“Ақжайиқ” табиат резерватининг туристик йўналишлари

“Ақжайиқ” табиат резерватининг туристик йўналишлари

Жингалак сақоқушлар, қизил ғоз, бургут ва қўтонлар... Урал дарёси дельтаси ва Каспий денгизи соҳилларида жойлашган “Ақжайиқ” резерватида 292 турдаги қушни учратиш мумкин. 341 минг гектарни эгаллаган, деярли одам оёғи тегмаган табиат ҳудудида камёб ва “Қизил китоб”га киритилган қушлар ҳамда ҳайвонлар яшайди. Бу ерда скопа, мармар чирк, оққуш ва стерх – оқ турналарни кўрасиз, жаҳонда улардан атиги бир нечтаси яшаб турибди. Тирик табиатни томоша қилиш учун мамлакатимиз ва хориждан туристлар келади. Қўриқхона ҳудуди мамлакатнинг энг оммавий туристик йўналишлари ва минтақа брендларидан бирига айланяпти.

ИЛЬЯ БОФОНОВ, ОРНИТОЛОГ:

-  Резерватнинг ўзига хослиги шундаки, унинг ҳудуди орқали қушларнинг жаҳон бўйлаб миграция йўллари ўтган. Кузги-баҳорги мавсумда бу ерлардан 10 миллионтагача балчиқчи қуш, 5 миллионтагача ёввойи ўрдак, 2 миллионтагача қашқалдоқ ва 35 минг фламинго учиб ўтади.

Экологик туристик йўналишни жорий йилда махсус ишлаб чиқишди. Ташкилотчилар қушларга озор берилмаслиги, ороми бузилмаслиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор беришди. Туристлар жониворларга яқинлашиши тақиқланган. 

ИСЛАМ ҚАДИРБАЕВ, «АҚЖАЙИҚ» ТАБИАТ РЕЗЕРВАТИ ТУРИЗМ ВА ЭКОЛОГИК ОҚАРТУВ БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

 - Бу ерда йўқолиб кетиш арафасида турган Каспий тюленини кўриш мумкин. Жами 48 турдаги сутэмизувчи бор. Ондатра, енот, бўри, тулки, қобонлар бор. Агарда бу ерда сув каламушини учратиб қолсангиз – демак, сиз жуда омадли инсонсиз.

Денгиз бўйлаб моторли қайиқда саёҳат қилиш туристларнинг бой ўсимликлар дунёси билан танишишига имкон беради. Резерват биосферасида 229 турдаги гул мавжуд. Ўсимликлардан бир қанчаси “Қизил китоб”га киритилган. Сузувчи сальвИния, ШЕнко лоласи ва сув ёнғоғи улар жумласидан.

Фото: veters.kz