Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлганлар хоки топилди

Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлганлар хоки топилди

Улуғ Ватан урушида Ғалабага эришиш йўлида жонфидо бўлганлар жасорати унутилмайди. Ғарбий Қозоғистон вилояти аҳолиси ҳам ушбу воқеалар оловини ҳис этган. Ўшанда Бўкейўрда ва Жанибек туманларига олти юздан ортиқ бомба ташланган. Уральск-Рязан темир йўли бўйлаб жойлашган Сайхин ва Шунғай станциялари фашист қўшинлари ҳужумларига кўп бора нишон бўлган. 1942 йилда улар орқали Сталинград фронтига мунтазам озиқ-овқат ва қурол-яроғ ташилган.

АЛЕКСАНДРА СУСИНА, БЎКЕЙЎРДА ТУМАНИДАГИ САЙХИН СТАНЦИЯСИДАН:

 - Кўчирилаётган қочқинлар поезди ҳам, асирлар тушган поездлар ҳам бомбардимон қилинарди. Худо сақласин!

Бомбардимон асоратлари темир йўл ёқаларида ҳалигача сақланиб қолган. Шошилинчда ҳалок бўлган аскарларни портлашлардан пайдо бўлган чуқурларга кўмишган. Баъзи одамлар бу ерларда юзлаб жангчилар хоки ётганини билмайди ҳам.

ЖУБАН ГУМАРОВ, ЎЛКАШУНОС:

 - Бу ерда биродарлик қабристони бор. Унинг атрофи ўралган ва махсус белги қўйилган. Ўлкашунослар маълумотига кўра, бундай қабристонлар сони 40-50 тадан кам эмас. Уларни топиш зарур. Мана шу каби бомба портлашларидан қолган ўралардан аскарлар хокини топиш мумкин.

Қидирувчилар 365-разъездда шундай ўралардан бирини қазишяпти. Бугунгача 16 нафар аскар хоки чиқариб олинди.

СЕРГЕЙ ЛАПШИН, ҚИДИРУВ ОТРЯДИ РАҲБАРИ:

 - Бу ерда яна қанча аскар ётганини билмаймиз. Чунки ўра жуда катта экан. Балки яна бир қанчаси топилар. Темир йўл бу ерга жуда яқин. 20 метр масофада. Йигитлар устига бомба ташланган. Бу ердан асосан денгизчилар, эшелонлар мунтазам қатнаган. Чунки бу йўл Сталинградни таъминлайдиган ягона артерия бўлган. Шунинг учун ҳалок бўлганлар қаторида барча турдаги қўшин вакиллари бўлган. Агар аскар медальони топилса, шахсни аниқлаш мумкин бўларди. Аммо буниси даргумон. Кимлигини билолмасак керак. Фақат тугмалар, камар тўқалари топиляпти. Манави тугмада лангар туширилган, демак, унинг эгаси денгизчи бўлган.

Маҳаллий ўлкашунослар таъкидлашича, 1942 йил 4 октябрида 365-разъездда Сталинградга кетаётган Тинч океани флоти эшелони портлатилган. Ўшанда 38 нафар денгиз пиёдалари ҳалок бўлган. Уларнинг исми-шарифи маълум бўлгани ҳолда, дафн этилган жойи аниқланмаган. Барча тегишли ҳужжатлар тайёр бўлгач, улар хоки Сайхин посёлкасидаги биродарлик қабристонига қайта дафн этилади. Ўлкашунослар маълумотига кўра, фақат Бўкейўрда туманида ўнлаб шундай қабристонлар мавжуд. Унутилган аскарлар хокини топиш ва номини тиклаш – қидирув отрядларининг асосий мақсади. Шунинг учун ҳам бу ишлар давом этаверади. 

Фото: Хабар 24