Наурзум табиат қўриқхонасида туристлар оқими 50 фоизга ортди

Наурзум табиат қўриқхонасида туристлар оқими 50 фоизга ортди

Наурзум давлат табиат қўриқхонаси Қозоғистондаги энг қадимийлари қаторига киради. Бу ерга мамлакатнинг барча қисмларидан, шунингдек, хориждан жуда кўп туристлар келади. Европа, Хитой, Канада ва АҚШ фуқаролари бу ерда тез-тез бўлади. Шуни ҳам айтиш лозимки, сўнгги уч йил мобайнида сайёҳлар оқими 50 фоизга ортди. Ушбу қўриқхона ундаги турли-туман наботот ва ҳайвонот олами билан ўзига жалб қилади.

ҚАНАТ БАТИРХАНУЛИ, НАУРЗУМ ДАВЛАТ ТАБИАТ ҚЎРИҚХОНАСИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Туристларни айниқса қўриқхонада яшайдиган қушлар ва ҳайвонлар қизиқтиради. Масалан, улар турли бургутлар инини, ноёб турлардаги лочинларни, қора сўфитўрғайни, уларнинг полапонларини кўриши мумкин. Бундан ташқари, қушларнинг ов қилишини кузатиш мароқли. 

Наурзум қўриқхонаси музейидаги бир қанча залларда мазкур минтақада яшовчи барча турлардаги қуш ва ҳайвонлар, ҳашарот ва балиқлар намуналари тўпланган.

Йилига қўриқхонага минг нафаргача меҳмон ташриф буюради. Оилавий туризм ва дам олиш кунлари ташриф буюрадиганлар бу ерда жуда кўп. Туристлар учун бу ерда меҳмонхона мавжуд. Истаганлар чодир тикиши ҳам мумкин. Шу ернинг ўзида зарур анжомларни олиш имкони бор.  Профессионал фотограф Торстен Прел ҳар йили қўриқхонага келиб-кетадиганлар жумласидан.

ТОРСТЕН ПРЁЛ, ТАДҚИҚОТЧИ, ФОТОГРАФ /ГЕРМАНИЯ/:

- Одам оёғи тегмаган табиатни томоша қилишни истаган кишини ҳеч нарса тўхтата олмайди. Бу ерда ҳатто турли мураккаб илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш имконияти ҳам мавжуд.

Наурзум қўриқхонаси шинавандалари қаторида Игорь Акимов ҳам бор. Баъзан оиласи билан, баъзан дўстлари билан келади. Кўпинча июнь ёки сентябрда ташриф буюради.

ИГОРЬ АКИМОВ, ТУРИСТ:

 - Бу ерда жуда ғаройиб табиат мавжуд. Айнан шу ўлкада! Ўрмон ҳам, даштликлар ҳам ёнма-ён. Ҳеч ерда йўқ қушлар тўлиб-тошган бундай кўлнинг ҳам ўхшашини тополмайсиз.

Қўриқхонага келаётган сайёҳлар оқимини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яхшиланиб боряпти. Келажакда қолиб кетган котлованлардан бирида кичик пляж ташкил қилинади. Экскурсиялар учун автобус сотиб олиш режалаштириляпти.

Фото: visitkazakhstan.kz