Атирауда қадимий Ақтўбе-Лаэти шаҳри ўрнидаги қазув ишлари қайта йўлга қўйилди

Атирауда қадимий Ақтўбе-Лаэти шаҳри ўрнидаги қазув ишлари қайта йўлга қўйилди

Атирауда қадимий Ақтўбе-Лаэти шаҳри ўрнидаги қазув ишлари қайта йўлга қўйилди. Олтин Ўрда даврида бу жой йирик ҳунармандлик маркази бўлган. Археологлар фикрича, бу ерда 10 минг нафар аҳоли истиқомат қилган. Турли тақинчоқ ва идиш-товоқлар, суякдан ишланган буюмлар, тангалар – булар топилган артефактларнинг бир қисми, холос. Олимлар топилмалар жуда қизиқарли ва муҳимлигини таъкидлади. Зеро, улар юз йиллар муқаддам Каспийбўйида истиқомат қилган одамлар ҳаёти, шаҳар қандай бўлгани ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга имкон беради.

МАРАТ ХАСЕНОВ, АРХЕОЛОГ:

-  Аввал бу шаҳарда биттагина маданий қатлам бор, деб ҳисобланган. Бу йил биз янада чуқурроқ қазий бошладик. Натижада, маданий қатламлар камида учта эканлиги аниқланди. Биринчи топилмалар шаҳар ёшини 14-15-асрларга тенглаштириш имконини берди. Олтин Ўрда даврида Ақтўбе-Лаэти Европани Осиё билан боғлаб турган Буюк Ипак йўли ёйида жойлашган муҳим манзилгоҳлардан бири бўлган.

Бу ердаги илк археологик қазув ишлари ўтган аср 70-йилларида бошланган. Аммо бу иш кўп ўтмай тўхтаб қолган. 2017 йилда қайта йўлга қўйилди. Шаҳар саноат зонасини қазиш давомида ўнлаб бинолар топилди, уларнинг ҳар бирида 2 тадан 6 тагача печь аниқланди. Бу биноларда шиша ясалган, металл эритилган, танга зарб қилинган.

АЙГУЛ РАМАЗАНОВА, АРХЕОЛОГИК ОТРЯД РАҲБАРИ:

 - Олимлар учун ҳар бир майда деталь ҳам аҳамиятли. Масалан, биз турлича ҳалланган жуда кўп қоплама плиталар топдик. Бу эса 14-16-асрларда бу ерларда улкан ва чиройли бинолар қурилгани хусусида ёзган саёҳатчилар таърифини тасдиқлайди.

Айтиш жоиз, Ақтўбе-Лаэти шаҳри харобалари “Атирау вилояти маҳаллий аҳамиятга эга тарих ва маданият ёдгорликлари давлат рўйхати”га киритилган. Келажакда бу қадимий шаҳар ўрнида очиқ осмон остидаги археологик музей яратиш режалаштирилган.

Фото: assembly.kz