Қозоғистонда «Буюк дашт авлоди» ёзги мактаби ташкил қилинди

Қозоғистонда «Буюк дашт авлоди» ёзги мактаби ташкил қилинди

Қозоғистонда илк бора хорижда истиқомат қилаётган қозоқ диаспораси болалари учун ёзги лагерь ташкил қилинди. Россия, Эрон, Монголия, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган 150 нафарга яқин бола тарихий ватани билан танишиш мақсадида Нур-Султон шаҳрига ташриф буюрди. Икки ҳафта мобайнида улар она тили, Қозоғистон тарихи, миллий урф-одат ва анъаналарни ўрганади. Шу билан бирга, болалар робот техникаси, дизайн машғулотлари, етакчилик ва нотиқлик санъати тренингида иштирок этади. Қолаверса, география дарсларида қатнашиб, Буюк Ипак йўлининг қозоқ халқи учун аҳамиятини муҳокама қилади.  Бундан ташқари, болалар навқирон пойтахтнинг асосий диққатга сазовор жойларини томоша қилади. Ёзги лагерь «Ватандошлар» жамғармаси ва Умумжаҳон қозоқлар ҳамжамияти ёрдамида ташкил этилди.

ЖУЛДИЗ СУЛЕЙМЕНОВА, НАЗАРБОЕВ ЗАКОВАТ МАКТАБЛАРИ ТАРАҚҚИЁТ ДЕПАРТАМЕНТИ РАҲБАРИ:

 - Асосий мақсад – ватанпарварлик туйғуларини, она юртга бўлган муҳаббатни ривожлантириш. Бундан ташқари, биз Қозоғистон тарихи ва она тилини ўрганишга академик кўмак берамиз. Шунингдек, ёзги мактаб дастурида ҳунармандлик санъати, дўмбира ва наматдан буюмлар ясаш тўгараклари ҳам мавжуд.

ШАДҚАМ АЛЛАНИЯЗ, ЁЗГИ МАКТАБ ТИНГЛОВЧИСИ /ЭРОН/:

-  Мен эронлик қозоқман, Қозоғистонга биринчи бор келишим. Ташрифимдан мақсад – ота-боболарим ватани ҳақида кўпроқ нарса ўрганиш, тилни ўзлаштириш ва она ватанни зиёрат қилиш. Келажакда Қозоғистонда ўқишни истайман, она юртим ғамхўрлигини қадрлайман.

Фото: jebeu.kz