Қозоғистонлик журналист – «Йил аёли»

Қозоғистонлик журналист – «Йил аёли»

Жаҳоний эътироф. Лондонда мамлакатимиз журналисти WinTrade ташкилотининг «Йил аёли» номинацияси бўйича мукофотига сазовор бўлди. Ақмарал Баталова «Хабар» агентлиги учун суратга олинган Суриядаги ихтилофга оид туркум репортажлар учун шундай юксак эътирофга ноил бўлди. Журналист бошиданоқ Суриядаги зиддиятларни кузатиб келган ва Астана жараёнига оид батафсил мақолалар ёзган. Ўз ишларида у тинчлик музокараларининг барча иштирокчилари нуқтаи назарини ёритиб келди.

АҚМАРАЛ БАТАЛОВА, ЖУРНАЛИСТ:

 - Сурия халқи бизни шу қадар илиқ кутиб олдики, буни таърифлаб бериш қийин. Аёллар кўчаларда ёнимизга келишди, юзимни силаб, ўпишди, хорижлик бўлсам-да, юртларига келганим учун миннатдорчилик билдиришди. Улар менинг бошқа юртдан келганимни билиб қоларди. Дамашқда такси ҳайдовчилари биздан умуман пул олмасди. Чунки улар бу ташрифни яхшилик белгиси, деб ҳисобларди. Хориждан аёл киши келдими, демак, тез орада юртимизга яна сайёҳлар қайтади, дерди улар.

WinTrade халқаро ташкилоти 1996 йилда британиялик бизнес-леди ва Британия империяси Олиймақом ордени кавалери Ивонн Томпсон томонидан таъсис қилинган. Ташкилот фаолияти ҳаётнинг турли соҳаларида аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қозоғистонлик журналистга тақдим этилган мукофот юксак даражада қатъият ва илғор фикрлашни намойиш қилган, одатдаги майдон доирасидан чиқиб, ўз тасаввурларини ўзгартира олганларга берилади. Таъкидлаш жоиз, Ақмарал номзодини Буюк Британия Лордлар палатаси вакилларидан бир гуруҳи илгари сурган.

АҚМАРАЛ БАТАЛОВА, ЖУРНАЛИСТ:

 - Уларни қизиқтириб қўйган жиҳат - бевосита Сурияда тайёрлаган репортажларимда жанг қилаётганларга ҳам, мамлакатни оёққа турғизаётганлар, террор, очлик, совуқ, уруш балосидан жабрланаётганларга ҳам кўнглида борини билдириш учун имкон берганим бўлди.

Тақдирлаш маросими WinTrade Week форумининг энг юксак нуқтаси бўлди. Унинг мавзуси «Аёллар иқтисодиётда – рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асрида». Жорий йилда WinTrade мукофоти учун 20 номинация бўйича бутун дунёдан 500 дан ортиқ хонимлар қатнашди, онлайн-овоз беришда эса 11 минг одам иштирок этди.

Фото: yenicag.ru