Илвирс популяциясини сақлаб қолиш

Илвирс популяциясини сақлаб қолиш

Марказий ва Жанубий Осиё жоиворлари подшоси. Нур-Султон шаҳрида илвирс - қор барси популяциясини сақлаб қолиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ерда мазкур ҳайвон яшайдиган 12 давлат вакиллари жам бўлди. Иштирокчилар Алматида БМТ ривожланиш дастури экспертлари билан бирга ягона жаҳон маълумот маркази яратиш зарурлигини тилга олишди. Ундан мақсад – қор барси бўйича мавжуд барча илмий ва статистик маълумотларни бирлаштириш. Яна бир лойиҳа – халқаро ген лабораторияси таъсис этиш. Йиғилганларнинг сўзига қараганда, бунинг учун Или-Алатау миллий табиий парки ҳудуди мос келади, унда ташкилотчилар барс популяциясини, яшаш ареалини ўрганиш, экотизимни таҳлил қилиш бўйича қатор тадқиқотлар ўтказиб, фото-қопқонлар ўрнатган.  

ЕРЖАН ЕРКИНБАЕВ, SNOW LEOPARD FOUNDATION ХАЛҚАРО ЖАМҒАРМАСИ РАҲБАРИ:

 - Жаҳон ҳамжамиятига махсус меморандум тақдим этилади, унда биз трансчегаравий ҳамкорлик таклиф этмоқчимиз. Яъни қор барси яшайдиган барча мамлакатда бу жониворни сақлаб қолиш учун бугунги кунгача ҳам қандайдир чора-тадбир, дастурлар амалга оширилган. Бугун эса биз ушбу ажойиб табиат вакилини сақлаб қолиш йўлларини муҳокама қилиш учун барчани бир даврага тўпладик.

ГРИГОРИЙ МАМАНЯНЦ, WWF МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАСТУРИ ДИРЕКТОРИ:

 - Космик суратлар ёрдамида ландшафтларни аниқлаш, мониторинг ва фото-қопқонлар ўрнатиш, қор барси фаолияти изларини тўплаш, генетик тадқиқотлар ўтказиш учун 5 километрга 5 километрли майдонлар ажратиш зарур. Бир неча йил ичида бу маълумотлар қайд қилиб борилади. Кейин илвирс яшайдиган 12 та давлат вакиллари ягона методика асосида уларни таҳлил қилади. Барча маълумотлар ягона базага тўпланади. Шунда биз ер юзида қанча барс қолганини аниқ айта оламиз.

Бугунги кунда қор барси халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ҳимояси остида. Шунингдек, унинг ареали мавжуд 12 давлатнинг барчасида «Қизил китоб»га киритилган. Мушуксимонлар оиласининг ушбу вакили сони дунё бўйича тахминан 4 мингта. Қозоғистонда эса, олимлар ҳисобига кўра, 130-150 таси қолган.

Фото: el.kz