Қозоғистонда Пойтахт куни нишонланмоқда

Қозоғистонда Пойтахт куни нишонланмоқда

Нур-Султон шаҳри  - 21 ёшда. 6 июль куни Қозоғистон Олий кенгаши пойтахтни Алматидан Астанага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилганди. Орадан 3 йил ўтгач эса Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев бу масалани узил-кесил ҳал қилди.

1998 йил Назарбоев фармонига биноан Ақмўла номи Астана, деб ўзгартирилди.  Жорий йилда эса шаҳар янги ном олди. Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев фармонига кўра Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевнинг хизматлари тан олиниши шарафига пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилди. Бугунги кунда мамлакат бош кенти – иқтисодиёт ўсишининг асосий локомотиви ва минтақалар тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи. У нодир мулоқот майдончаси сифатида жаҳон сиёсий саҳнасида кенг танилган. Бу ерда йирик форумлар ўтказилади, тарихий қарорлар қабул қилинади. Қозоғистон пойтахти янги мингйилликдаги биринчи ЕХҲТ саммитини қабул қилди ва МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб ЕХРО кўргазмасини ўтказди.

“Астана” Халқаро молиявий маркази ишга туширилиши ва жаҳон миқёсидаги тақдимоти пойтахт солномасида алоҳида ўрин тутиши шубҳасиз. Экспертлар таъкидлашича, айнан молиявий марказ Қозоғистон молия инфратузилмалари ядросига айланади ва Марказий Осиё ҳамда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи молиявий хаби вазифасини бажаради.

Анъанага кўра, пойтахт куни доирасида республика бўйлаб турли байрам концертлари, спорт тадбирлари, фестиваль ва кўргазмалар ташкил қилинади. Фақат Нур-Султон шаҳрида 100 тача тадбир ўтказилади. Бугунги кунда ёш пойтахт Евроосиё ва жаҳон миқёсида бирлик-барқарорлик, тинчлик-баҳамжиҳатлик тимсолига айланган.

Фото: arnapress.kz