Алмати хорижлик туристларни жалб этмоқда

Алмати хорижлик туристларни жалб этмоқда

Ўтган йили Алматига бир миллион нафар турист ташриф буюрди. Уларнинг деярли ярми хориждан: Европа, АҚШ, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларидан келган сайёҳлар. Ривожланган инфратузилма, табиат гўзаллиги, тоғ-чанғи курортлар ўзига жалб қилади. Хорижлик меҳмонларга қулай бўлиши учун машҳур туристик объектларда Брайл шрифти ва QR-кодлар ёрдамида ёзилган кўрсаткичлар ўрнатилган. Смартфон ёрдамида барча диққатга сазовор жойлар ҳақида олти тилда тўлиқ маълумот олиш мумкин. Австралиялик Филипп Томсон деярли бутун жаҳонни кезиб чиққан, аммо у Қозоғистонни ўзи учун кашфиёт, деб ҳисоблайди.

ФИЛИПП ТОМСОН, ТУРИСТ /АВСТРАЛИЯ/:

 - Мен Чорин каньони, Кўлсой, Олтойда, Манғистау, Чимкент ва Туркистонда бўлдим. Жуда ғаройиб олам. Тўғрисини айтсам, мамлакатингиз ажойиб, у мени ҳайратлантира олди.

Австралиялик меҳмон  ҳатто машҳур Куршевель ҳам Алмати тоғлари ва халқ меҳмондўстлигига тенглаша олмаслигини айтди. У экзотика ва экстримни яхши кўрадиган дўстлари билан бирга Қозоғистонга қайта келишга ваъда берди.  «Чимбулоқ» курорти ва «Медеу» яхмалаклари Бирлашган Араб амирликларидан ташриф буюрган Аҳмад Ал-Ҳаттобийни ҳам лол қолдирди.

АҲМАД АЛЬ-ҲАТТОБИЙ, ТУРИСТ /ОАЭ/:

 - Қозоғистонга биринчи марта келишим. Ажойиб мамлакат. Одамлари жуда меҳмоннавоз. Менга бу ерда ҳамма нарса ёқди.

Шаҳарга меҳмонлар кўп келиши бу соҳани ривожлантиришда амалга оширилган қатор тадбирлар меваси. Алматида 2025 йилгача минтақанинг ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 6 фоизга етказиш режалаштирилган.

ҚАЛИБЕК АҚИЛБЕКОВ, ТУРИЗМ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Алмати туризм бўйича сердаромад ҳудуд. Хорижлик туристлар учун ўта жозибали. Туристларнинг ярми – хорижликлар. Қозоғистонга келган ҳар бир чет эл фуқароси Алматини кўриб кетишни истайди. 2018 йил якунига кўра, шаҳарга тарихимизда биринчи марта 1 миллиондан зиёд турист келди. Йилнинг биринчи чорагида эса туристлар оқими 45,9 фоизга ўсган. Бу шаҳарнинг жозибадорлигидан дарак беради.

Қозоғистон жаҳоннинг етакчи туристик йўналишлари қаторига кириш ниятида. Бунга соҳага оид давлат дастурининг рўёбга чиқарилиши ёрдам беради. Мазкур чора-тадбирлар туфайли 800 миллиард тенге атрофида бевосита инвестициялар жалб этиш имкони туғилади. Ва бу туристлар оқимининг 4 баравар ўсишига олиб келади.

Фото: bnews.kz