Эронда қозоқ тамғаси бор қабртошлар топилди

Эронда қозоқ тамғаси бор қабртошлар топилди

Эрон шимолида Адай қабиласига оид қадимий сағана тошлари топилди. Уларни 9-10-асрларга нисбат бериш мумкин. “Аждодлар изидан” экспедицияси аъзолари Гулистон провинциясидаги тарихий ёдгорликлар билан танишди. Ақбанд овулидаги масжид улар эътиборини тортди. Айрим маълумотларга кўра, у 18-аср бошларида таниқли устод, этник қозоқ  Шағурбад раҳбарлиги остида қурилган. Масжид яқинида топилган қабрдаги сағанатош ҳам қачонлардир Эрон шимолида қозоқларнинг аждодлари яшаганидан далолат беради.

ЖОМАРТ ЖЕНИС ЎҒЛИ, ТАРИХ ФАНЛАРИ НОМЗОДИ:

– Бу расмлар исломгача бўлган даврга оид эски мозорлардаги ёдгорликлар тасвирига ўхшаш. Мана бу тош диққатимизни тортди. У икки қисмдан иборат. Юқори қисми Кичик жузнинг бой уруғларидан бири – адайлар рамзини эслатади. Ўқ белгиси бор. Маҳаллий қозоқлар айтишича, айни шу белгилар бу ерда адайлар яшаганидан далолат беради. Худди шундай тасвирли тошлар манғистау вилоятидаги кўҳна  Шақпақ ота қабристонида ҳам учрайди.

САПАР ИСҚАҚОВ, “АЖДОДЛАР ИЗИДАН” ИЛМИЙ ЭКСПЕДИЦИЯСИ РАҲБАРИ:

– Қадимий сағанатошлар аждодларимиз бу жойларни 8-10-асрларда макон тутганига гувоҳлик беради. Лекин ҳали илмий исбот, қўшимча тадқиқотлар зарур. Фақат шунда бу ёдгорликларни ким ва қачон қолдирганини аниқ билиш мумкин. Шунингдек, бу объектларни тарихий мерос рўйхатига кирита оламиз. Ҳозирча фақат турлича тахмин қила оламиз.

Экспедиция аъзолари Гумбет шаҳрида ҳам бўлишди. Ундаги туманлардан бири Қозоқ овули деб аталади. Бугунги кунда бу ерда этник қозоқларнинг ўнлаб оиласи яшайди. Аксарияти Эронга 20-аср бошларида кўчиб келган. Улар мамлакат шимолига, Гулистон провинциясига жойлашишган. Улар орасида тарихий юртида бўлганлари кам, аммо она тили ва урф-одатларини ҳеч ким унутмаган.

ДАЛЕТБАЙ ЕСКЕЛДИ, ГУМБЕТ ШАҲРИЛИК:

 – Шаҳримизда 600 га яқин қозоқ яшайди. Гургон ва Бентурк яқинида ҳам юртдошларимиз бор. Тарихий юртимиз Қозоғисонга катта салом йўллайман.

Экспедиция Теҳронга йўл олди. Миллий музейда қадимий, шу жумладан, қипчоқ ва мўғул қабилалари асос солган давлатлар даврига доир экспонатлар сақланмоқда.

ҲУСАЙН, ЎЛКАШУНОС:

– Миллий музейда идишларни, Элдениз ва Жалойирлар давлати даврига оид металл тангаларни кўриш мумкин. Ўрта асрларда Эрон ҳудудида бир қанча, жумладан, қипчоқ, мўғул қабилалари асос олган султонликлар мавжуд бўлган. Энг нуфузлилари айни шу давлатлар эди. Таъкидлаш жоиз, булар энг тараққий этган давлатлар бўлган.

Эрондаги аждодларимиз қолдирган тарихий ёдгорликларни ўргангач, илмий экспедиция аъзолари Ислом республикасидаги ўз тадқиқотларини якунлашди.