“ҚОЗОҒИСТОННИНГ 100 ЯНГИ НОМИ” ЛОЙИҲАСИ ҒОЛИБИ: “ДАДИЛ ҲАРАКАТ ҚИЛ ВА ТАСЛИМ БЎЛМА!”

“ҚОЗОҒИСТОННИНГ 100 ЯНГИ НОМИ” ЛОЙИҲАСИ ҒОЛИБИ:  “ДАДИЛ ҲАРАКАТ ҚИЛ ВА ТАСЛИМ БЎЛМА!”

Дадил ҳаракат қил ва таслим бўлма! Ҳамиша мақсадга эриш! “Қозоғистоннинг 100 янги номи” лойиҳасининг 20 ёшли ғолиби шундай шиор билан яшайди. Ҳали мактабдалигидаёқ Серик Есматов фаол ўқувчи бўлган. Сузиш, футбол, бокс билан шуғулланган, ўзи ташкил этган хорда шуғулланган. 13 ёшида икки оёғидан айрилди. Аммо бу уни тўхтатолмади. Қўрқув ва шубҳаларни бир чеккага суриб қўйиб, бола яна сузиш ва оғир атлетика билан шуғуллана бошлади. Волейбол бўйича Қозоғистон ёшлар паралимпия жамоаси капитани бўлди. Ҳозир имконияти чекланган одамларга тўлақонли яшаш, келажакка ишонч билан қараш ва бошқаларга кўмаклашиб яшашда ёрдам беради. 

СЕРИК ЕСМАТОВ, “ҚОЗОҒИСТОННИНГ 100 ЯНГИ НОМИ” ЛОЙИҲАСИ ҚАТНАШЧИСИ:

Ажойиб кунларнинг бирида сузиш машғулотидан қайтиб келаётган эдим. Жуда қаттиқ чарчагандим. Бутун танам оғрирди. Қўлимдаги сумкам ҳам оғир эди. Куннинг биринчи ярми. Қуёш аямай қиздиради. Яна иссиқ кийинганман. “Алмати-1” темир йўл станцияси яқинида яшайман. Уйга етиб олиш учун темир йўлдан юриб кетдим. Буни қарангки, поездга тўғри келган эканман. Адашмасам, ўша вақтда поездлар ҳар 5-7 минутда ўтарди.

Тақдир синови ёш спортчини синдира олмади. Аксинча, уни бирмунча чиниқтирди ва янада кучлироқ бўлишга ундади. Руҳий қувват, мақсад сари интилиш туфайли Серик Есматов янги чўққиларни забт эта олди.

СЕРИК ЕСМАТОВ, “ҚОЗОҒИСТОННИНГ 100 ЯНГИ НОМИ” ЛОЙИҲАСИ ҚАТНАШЧИСИ:

Албатта, қийин бўлди. Бунга қандай эриша олганимни айтолмайман. Кимдир “ирода кучи”, дейди, кимдир “болалигидан чиниққани учун”. Яна бировлар “спорт билан шуғулланганинг учун кўнглингни чўктирмагансан”, деб қўяди. Аммо мен бунда аввало ота-онам, ака-укаларимнинг менга бўлган меҳри асосий ўрин тутди, деб ўйлайман. Уларнинг ғамхўрлиги, ишончи, қўллаб-қувватлаши, дилдан суҳбатлашиши. Бу нарса тўлақонли яшаш истагимни оловлантирди. Энг яхши кўмакни инсон ўзи ва ота-онасидан олади, деган гапга ишонаман.

Спортчининг айтишича, ўзига, орзуга эриша олишга бўлган ишонч уни ҳаётга қайтарган. Бугунги кунда Серик Есматовнинг ҳар бир куни воқеаларга бой. Кундалик машғулотлар, халқаро мусобақалардаги ғалабалар, Элбоши билан учрашув... Шунингдек, у фалокатга учраган одамлар билан тренинглар ўтказади. Амалий маслаҳатлар беради. Ва яқин келажакда ўз қўшиқлар тўпламини чоп этишни орзу қилади.