1 МАЙ – БИРДАМЛИК КУНИ

1 МАЙ – БИРДАМЛИК КУНИ

Умумий байрам, умумий уй. 1996 йилдан буён Қозоғистонда Халқ бирдамлиги куни кенг кўламда нишонланяпти. Бу сана эзгулик, дўстлик ва ҳурмат-эҳтиром рамзига айланган. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ этнос вакиллари истиқомат қилади. Этнослараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида барпо этилган дунёда тенги йўқ модель кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлди. Экспертлар фикрича, у Қозоғистоннинг сиёсий-иқтисодий муваффақиятлари ҳамда жаҳоннинг энг рақобатбардош давлатлари қаторида илгарилашида пойдевор бўлиб хизмат қилди.

БАШИР СОЛСАНОВ, ЧЕЧЕН-ИНГУШ ЭТНОМАДАНИЯТ БИРЛАШМАСИ РАИСИ:

Бугунги кунда давлат, Республика раҳбарияти бизга ўз тилингизни, анъаналарингизни, санъатингизни ривожлантиринг, деб турибди. Намойиш этинг, бойитинг, мамлакатимизнинг умумий ривожига энг яхши нарсаларни киритинг, дейилди. Буларнинг барчаси биз учун жуда муҳим ва аҳамиятли. Болаларимиз, янги авлод атрофидагилар билангина чекланиб қолмаслиги, ҳамма билан ҳамоҳанг, бошқа миллатлар, элатлар билан дўстона яшаши, ривожланиши тарафдоримиз. Зеро, халқ нақлида айтилгани каби, “Қудратимиз - бирликда!”

Анъанага мувофиқ ушбу кунда республикамизда мавжуд бўлган мингдан зиёд этномаданият марказларининг ҳар бири ўз муваффақиятларини намойиш қилиб, ютуқларини баҳам кўради. Ранго-ранг халқ сайиллари, қизиқарли спорт беллашувлари, турли концерт дастурлари Бирдамлик куни энг ёрқин ва севимли байрамлардан бирига айланишига олиб келди.

АХМЕТ МУРАДОВ, ҚОЗОҒИСТОН ХАЛҚИ АССАМБЛЕЯСИ АЪЗОСИ, ПАРЛАМЕНТ МАЖИЛИСИ ДЕПУТАТИ:

Ушбу байрам миллати ва эътиқодидан қатъи назар барча қозоғистонликларнинг айёми. Ушбу тантаналар одамларни кўчага олиб чиқади ва барчамиз ватандош, ягона халқ эканлигимизни яна бир марта тасдиқлайди, кишилар бир-бирига очиқ чеҳра билан пешвоз чиқишига сабаб бўлади. Бу – бизнинг мустақил, суверен, мағрур Қозоғистон эканлигимизни тасдиқлайдиган кун! Ҳар бир уйда баҳорий қувончли кайфият бўлсин! Энг эзгу ниятлар билан жилоланган дўстлигимиз мазмунига мос бўлсин! Ҳар биримиз чин юракдан, қалб қўри, дил тўридан “Байрамингиз муборак бўлсин!” дея олайлик. Ва ҳар биримиз бу дўстликка улуш қўшайлик.

СААК САЛУМЯН, АРМАН ЭТНОМАДАНИЯТ БИРЛАШМАСИ РАИСИ:

Бу байрамни биз кўпдан бери Ассамблеянинг барча маданият марказлари билан бирга нишонлаймиз. Бу байрам дўстлик, бирлик, самимийлик айёми. Маданиятимиз, маиший ҳаётимиз, ошхонамизни намойиш этишга интиламиз. Биз ягона оила каби яшаганимиз боис бир-биримизни ҳурматлаб, ардоқлаб, севишимиз лозим.

Кўпмиллатли Қозоғистон вакиллари фикрича, дўстлик, бир-бирини тушуна олиш ва ўзаро муроса замонавий, глобаллашган дунёнинг энг қимматбаҳо қадриятларидир.