Элбоши Музейи жаҳон кезмоқда

Элбоши Музейи жаҳон кезмоқда

Турли давлат раҳбарлари томонидан ҳадя қилинган китоблар, архив ҳужжатлари, Элбоши фотографиялари ва шахсий буюмлари. Қозоғистон Биринчи Президенти шахсий жамғармасида бўлган икки юздан ортиқ экспонат «Тўнғич» кўчма кўргазмаси экспозицияларида намойиш этилди. У Нур-Султан шаҳридаги Сакен Сейфуллин номли Қозоқ Агротехника университети биносида очилди.

АХИЛБЕК КУРИШБАЕВ, САКЕН СЕЙФУЛЛИН НОМЛИ ҚОЗОҚ АГРОТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОРИ:

- Мамлакатимиз Биринчи Президенти кутубхонаси ташаббуси туфайли талабалар Биринчи Президент - Элбоши раҳбарлигида Қозоғистоннинг энг янги тарихи қандай ташкил этилгани, қандай барпо этилганини яна бир бора кўра олади. Бу тадбир улкан ҳамкорлик лойиҳасининг дебочаси. Биз талабаларнинг Биринчи Президент кутубхонасига бориб туриши, ундаги ҳужжатлар билан танишиши, ўзимизда эса махсус лекциялар ташкил этилиши ҳақида келишиб олдик.

Икки ҳафта мобайнида талабалар мустақил мамлакатнинг оёққа туришида Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг алоҳида тарихий ўрнини акс эттирувчи экспонатлар билан яқиндан таниша олади.

АЛЕНА НИКИТИНА, САКЕН СЕЙФУЛЛИН НОМЛИ ҚОЗОҚ АГРОТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАСИ:

- Мен учун ушбу кўргазма жуда қизиқарли, биринчидан, мен талаба сифатида тарихга шўнғиш, мустақил Қозоғистон қад ростлашидаги босқичларни эслаш имконига эга бўлдим. Шунингдек, кўргазма юқори даражада ташкил этилганини таъкидлашни истардим. 

АЛЕКСАНДРА ШВАЙЦ, САКЕН СЕЙФУЛЛИН НОМЛИ ҚОЗОҚ АГРОТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАСИ:

- Бугун мен ва гуруҳдошларимга мазкур ажойиб кўргазмада бўлиш имкони тақдим этилган. Кўплаб экспонатлар намойиш этилди. Президентимизнинг табелини ўз кўзимиз билан кўрдик. Унинг иш столи қўйилган экан, ҳужжатлари, у ишлатган ручка ҳам намойиш этилди. Булар барчаси жуда қизиқарли.

Кўргазма мавзуси тўрт қисмга бўлинган. Улардан ҳар бири мамлакатимиз солномасининг унутилмас саҳифаларидан ҳикоя қилади. Таъкидлаш жоизки, кўчма кўргазма лойиҳаси географик жиҳатдан республиканинг барча минтақасини қамраб олган.

АМЕРХАН РАХИМЖАНОВ, “БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ – ЭЛБОШИ КУТУБХОНАСИ” ДАВЛАТ МУАССАСАСИ ДИРЕКТОРИ:

- Биз Атирау ва Ақтўбе вилоятларида бўлдик, вилоят марказларидан ташқари туманларга, олис манзилгоҳларга ҳам борамиз. Масалан, яқинда Қизил Ўрда вилоятининг Қармақши ва Шиели туманларида бўлдик. Бундай кўчма экскурсиялар қиймати шундаки, кўплаб болалар ҳам уларни томоша қилиб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишади.

Лойиҳа ташкилотчиларининг айтишича, нафақат қозоғистонликлар, балки хорижлик меҳмонларнинг ҳам қизиқишини уйғотган кўчма экскурсия ва экспозициялар давом этади. Кузда кўргазма Алмати шаҳри ва Жамбил вилоятида, шунингдек, Япония давлатида тақдим этилиши режалаштирилган.

Фото: kazatu.kz