Шахмат бўйича жамоавий жаҳон биринчилиги илк бора Қозоғистонда ўтяпти

Шахмат бўйича жамоавий жаҳон биринчилиги илк бора Қозоғистонда ўтяпти

Шахмат бўйича жамоавий жаҳон биринчилиги илк бора Қозоғистонда ўтяпти. Мамлакат пойтахтида ўтказилаётган турнирда 14 давлатнинг энг кучли ўйинчилари куч синашмоқда. Хитой, Озарбайжон, Эрон, АҚШ, Миср, Россия, Швеция, Англия, Украина, Венгрия ва Арманистоннинг пешқадам ўйинчилари жамланган. Шахмат ватани ҳисобланадиган Ҳиндистон жамоаси ҳам чемпионатда қатнашяпти. Қатнашчилар орасида жаҳон ва қитъа чемпионлари анчагина.

ЖАНДЎС АБИШЕВ, ҚОЗОҒИСТОН ШАҲМАТ ФЕДЕРАЦИЯСИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ:

 - Мукофот жамғармаси у қадар катта эмас. Ҳар бир жамоа ўз ватани шарафини ҳимоя қилиш учун келган. Албатта, ғолибларга медаллар, кубоклар топширилади. 2016 йилда жаҳон биринчилиги вице-чемпиони бўлган Сергей Корякин иштирок этаётгани тадбир нуфузини оширади. Барча иштирокчи мамлакатлар кучли ўйинчиларини олиб келган.

Қозоғистон терма жамоаси сафида Ринат Жумабаев, Муртас Қажиғалиев,  Ануар Исмағамбетов, Денис Махнев ва Петр Костенко, аёллардан Динара Садуақасова, Бибисара Асаубаева, Гулисхан Нахбаева, Гулмира Даулетова ва Жансая Абдималик маҳоратини намойиш этмоқда. Жамоа капитани Жансая «асосий рақиблар сифатида Россия, Украина ва Хитой ўйинчиларини кўряпмиз», дейди.

ЖАНСАЯ АБДИМАЛИК, ГРОССМЕЙСТЕР:

 - Аёллар жамоаси беллашувларга 6-рақам билан тушди. Шунинг учун илғор бешликка чиқа олсак, катта ютуққа эришган бўлардик, деб ўйлайман. Аммо ундан ҳам юқори поғонага кўтарилишга ҳаракат қиламиз. Ушбу турнирда бор кучимизни намойиш этишимиз жуда муҳим. Баҳамжиҳатлигимиз бардавом бўлсин. Жамоа капитани сифатида ички муҳит яхши бўлишини назорат қилишга интиламан.

Шахматдан илк жаҳон чемпионати 1886 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда дунёда 650 миллион нафарга яқин одам шахмат ўйнайди. Шундан 200 минг нафари – қозоғистонликлар.

Фото: sovsakh.ru