Қозоғистонга шифо излаб

Қозоғистонга шифо излаб

Тобора кўпроқ хорижлик Қозоғистонга тиббий ёрдам олиш учун ташриф буюрмоқда. Улар асосан кардио ва нейрохирург, репродуктолог, стоматолог ва ортопед хизматлари учун келишяпти. Органларни алмаштириш, соғломлаштириш муолажалари ҳам улар учун муҳим. Йилига Қозоғистон клиникаларига 45 мамлакатдан тиббий турист ташриф буюради. Уларнинг асосий қисми Россия, Венгрия, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистондан.

АШИРГУЛ БЕРДИМУРАТОВА, БЕМОРНИНГ ОНАСИ /ЎЗБЕКИСТОН/:

 - Миллий нейрохирургия маркази ҳақида кўпчилик эшитган, бу ҳақда ҳамма  гапиради. Ушбу саломатлик даргоҳида жуда тажрибали, хушмуомала, бағрикенг тиббиёт ходимлари ишларкан. Биз улардан жуда миннатдормиз ва хизматларини юқори баҳолаймиз.

Бугунги кунда Қозоғистонда JCI халқаро стандартларига кўра аккредитациядан ўтган 7 та клиника бор. Мазкур ҳужжатларнинг мавжудлиги юқори сифатли тиббий хизмат истаб ўз мамлакатидан хорижга чиққан туристларнинг ишончи гарови сифатида баҳоланади.

СЕРИК КАРИБАЙ, УМУМИЙ НЕЙРОХИРУРГИЯ БЎЛИМИ МУДИРИ:

 - Биз хорижлик беморлардан нима учун айнан бизнинг мамлакатни танлашганини сўраймиз. Улар, масалан, Хитой каби давлатда ҳам даволанишганини айтади. Қозоғистонда тиббиёт даражаси юқорилигини тилга олишади. Зеро, мутахассисларимиз Америка ва Европанинг етакчи клиникаларида таълим олишган. Бундан ташқари, “Бўлашақ” дастури туфайли мамлакатимиз тиббиёти кўп сонли юксак малакали, ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларга эга бўлди.

Тиббий туризм ривожланишига замонавий технология ва инновацияларнинг жорий этилиши ҳам кўмак берди. Сўнгги беш йил ичида Ақтўбеда қирқдан ортиқ замонавий тиббий марказ қурилди. Уларнинг барчаси энг янги техника билан жиҳозланган. Икки йил аввал бу ерда юз нафар хорижлик даволанган бўлса, ўтган йил якунларига кўра беш юз нафардан зиёд чет элликка хизмат кўрсатилган.

Қозоғистонда қўшимча репродуктив технологиялар тараққиёт даражасини алоҳида кўрсатиб ўтиш даркор. Бугунги кунда мамлакатимиз клиникаларини Европа, АҚШ, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидаги илғор марказлар билан бир қаторга қўйиш мумкин. Бундан ташқари, сўнгги 22 йил мобайнида мамлакатимизга бепуштликни даволаш учун жаҳоннинг 51 мамлакати, шу жумладан, АҚШ, Австралия, Сингапур ва Малайзия фуқаролари ташриф буюрди.

РАВИЛЬ ВАЛИЕВ, ОЛИЙ ТОИФАЛИ ГИНЕКОЛОГ-РЕПРОДУКТОЛОГ:

-  Тиббий ёрдам истаган энг кўп сонли жуфтликлар, албатта, қўшни мамлакатлардан келади. Россиядан, ундан кейин Қирғизистондан. Ўзбекистондан келаётган жуфтликлар ҳам оз эмас. Қатор сабаб-баҳоналар, молиявий ёки қонунчиликка доир чекловлар туфайли Россиядан бошқа деярли барча қўшни мамлакатларда, афсуски, экстракорпорал уруғлантириш дастури етарлича ривожланмаган.

Бугунги кунда Қозоғистон клиникаларида хорижлик беморлар учун зарур барча шарт-шароит яратилган. Қулай географик жойлашувдан тортиб, дунёнинг энг ривожланган технологияларигача. Юқори сифатли даволашдан ташқари беморлар хорижий клиникаларга нисбатан нархлар анча арзонлигидан ҳам мамнун.

Фото: forbes.kz