Қозоғистонлик ёшларга миллион берилади

Қозоғистонлик ёшларга миллион берилади

Миллион олиш имконияти. Жорий йилда республикамизнинг минглаб ёшлари ижтимоий ғояларни амалга ошириш учун қайтарилмайдиган грант олиш имкониятига эга бўладилар. Таълим ва фан вазирлиги ҳамда Жаҳон банки биргаликда амалга ошираётган қўшма лойиҳа доирасида ёш қозоғистонликлар учун ноёб имкониятлар очилади. “Орзу қил! Таклиф эт! Амалга ошир!” форумида ўтган йил давомида амалга оширилган ишларга якун ясалди.

ГУЛМИРА ЕСКЕНДИРОВА,  «ZHAS PROJECT» ЛОЙИҲАСИ БОШҚАРУВ ГУРУҲИ ЕТАКЧИСИ:

 - Грантлар бир гуруҳ болаларга ажратилади. Камида уч нафар ва кўпи билан беш нафар ёш йигит-қиз ўз ижтимоий лойиҳаларини таклиф қилишлари зарур. Иштирокчилар ғояларини рўёбга чиқариш учун бир миллион тенгегача бўлган молиявий ёрдам олишади. Шунингдек, ярим йил мобайнида ҳар бир олий маълумотли иштирокчи  60 минг тенге миқдорида стипендия олади. Мактаб ва коллеж битирувчилари учун эса 40 минг тенгели стипендия кўзда тутилган.

Ёшларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этишга йўналтирилган мазкур лойиҳа икки йилдан буён мавжуд. Ўтган давр мобайнида беш ярим мингдан ортиқ одам ўз ғоясини ҳаётга татбиқ этиш учун молиявий ёрдам олди. Муваффақиятли рўёбга чиқарилган лойиҳалардан бир қисми Астана шаҳрида ўтган кўргазмада тақдим этилди.

АБЗАЛ МИШБАЕВ, ЛОЙИҲА ҒОЛИБИ:

 - Шу каби грант ёрдамида биз зарур асбоб-ускуналар сотиб олишга муваффақ бўлдик. Натижада, бугунги кунда миллий мавзудаги турли-туман буюмлар ишлаб чиқариш билан машғулмиз. Масалан, ўтовлар, замонавий кўринишдаги таклиф қоғозлари ишлаймиз. Бундан ташқари, кирилл ва лотин алифбосидаги ҳарфлар акс этган пазлларни бепул тарқатяпмиз.

Лойиҳа доирасида Ақмўла, Ғарбий Қозоғистон ва Манғистау вилоятлари, Астана ва Алмати шаҳарларида истиқомат қилувчи ёш йигит-қизлар ҳар томонлама ёрдам олишлари мумкин.

Сурат z-taraz.kz сайтидан олинди.