Туркистонда қурилиш кўп

Туркистонда қурилиш кўп

Бир йилда бутун дунёдан миллиондан ортиқ турист ва зиёратчи Туркистон шаҳрига ташриф буюради. Уларни Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси жалб этади. Барча Туркистоннинг ушбу диққатга сазовор нуқтаси ҳақида тасаввурга эга, дейиш мумкин. Аммо, меъморларнинг ваъда қилишича, келгуси йилдан шаҳар қиёфаси кескин ўзгаради. Ихтисослашган компания бугунги кунда кенг кўламли объектлар тизимини қуриш концепциясини ишлаб чиқяпти. Янги лойиҳага кўра бўлажак мегаполис уч йўналишда ривожланади. Биринчиси – мақбара атрофидаги кўҳна Туркистон. Иккинчиси – маданий-маънавий марказ. Учинчиси – маъмурий-тадбиркорлик ҳудуди. «Туркистонда шарқ меъморчилиги кенг кўламда қўлланади», дейди мутахассислар.

СЕРИК АҚТАНОВ, ШАРҚИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Шарқий Қозоғистон вилояти Туркистонга мусиқий фаввора тақдим этади. Шу кунларда тегишли ҳужжатлар ҳозирланмоқда. Йил ниҳоясигача биз мазкур объектни фойдаланишга топшириш ниятидамиз.

Туркистонни ривожлантиришда мамлакатнинг бошқа минтақалари ҳам ҳисса қўшади. Масалан, Астана қадимий шаҳар майдонини тартибга келтиради, Алмати медиамарказ, Алмати вилояти Ёшлар саройи, Қўстанай вилояти эса Қозоғистон халқи Ассамблеяси биносини қуради. Бундан ташқари, шаҳарда конгресс-холл, 7 минг ўринли стадион, театр, кутубхона, музей, мактаб, болалар боғчаси ва бошқа муҳим объектлар бунёд этилади. Маъмурий-тадбиркорлик марказида турли бошқарма ва департаментлар жойлашадиган бино пойдевори қўйилган. Шаҳарнинг янги мақом – вилоят марказига айлангани аҳоли ўсишига ҳам таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Шунинг учун келгуси ойларда кўп қаватли уйлар қурилишини бошлаш режа қилинган.

ЕРКИН ЖУСИПОВ, «АСТАНАГЕНПЛАН»  МИЛЛИЙ ТАДҚИҚОТ-РЕЖАЛАШ ИНСТИТУТИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Шаҳар ихчам ҳамда яшаш ва ишлаш учун қулай бўлиши керак. Шунинг учун кўп қаватли бинолар бунёд этилади. Кўплаб 12-16 қаватли уйлар қурилади.

Шунингдек, жорий йилда замонавий аэропорт ва темир йўл вокзали қурилиши бошланади. Мутахассислар яқин 5-6 йил ичида Туркистон ғаройиб меъморий обидалари мўл, сайёҳлар учун жозибадор марказга айланади, дейишяпти. 10 йилдан кейин эса мамлакатимизнинг энг йирик шаҳарлари қаторидан ўрин олади.