Қозоғистон яшил иқтисодиётига инвестициялар миқдори 2,5 баравар ортди

Қозоғистон яшил иқтисодиётига инвестициялар миқдори 2,5 баравар ортди

Қозоғистон яшил иқтисодиётига инвестициялар миқдори 2,5 баравар ортди. Ўтган йили соҳани ривожлантиришга 80 миллиард 200 миллион тенге сармоя йўналтирилди. Энг кўп миқдордаги инвестиция Ақмўла вилоятида: 25 миллиард 700 миллион тенге. Жамбил вилоятида бу кўрсаткич 94 марта ортди ва 12 миллиард 700 миллион тенгени ташкил этди. Минтақада жами қуввати 170 мегаваттни ташкил этувчи 10 та қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб турибди. Учинчи ўринда – тўққиз миллиард тенге сармоя киритилган Атирау вилояти. Лойиҳаларни тўққиз мамлакатнинг 100 дан ортиқ компаниялари молиялаштирмоқда.

САЛТАНАТ РАХИМБЕКОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ ҚОШИДАГИ ЖАМОАТ КЕНГАШИ ЭКОЛОГИЯ КОМИССИЯСИ РАИСАСИ:

 - Франция, Нидерландия, Италия, Хитойдан, Қозоғистоннинг ўзидан сармоядорлар келяпти. Бугунги кунда Энергетика вазирлиги маълумотига кўра нефть-газ соҳасининг етакчи компаниялари ҳам бу соҳага кириб келмоқда. Масалан, 2019 йилда сармояларнинг умумий қиймати 600 миллион доллар ёки 230 миллиард тенгени ташкил этиши мумкин. Зеро, жорий йилда жами қуввати 630 мегаваттни ташкил этувчи 16 та объектни ишга тушириш мўлжалланган.

Бугунги кунда Ақмўла вилоятида 50 мегаватт қувватли «Астана ЕХРО-2017» шамол электр станцияси қурилиши давом этяпти.

Манғистау вилоятида эса шамол энергетикаси мажмуасининг текширув ишлари ўтказиляпти. Форт Шевченко шаҳри яқинида муқобил энергия манбалари ўрнатилмоқда. Бу ерда 24 та шамол генераторлари ишлаб турибди. 8 миллиард тенге қийматга эга лойиҳа суткасига деярли 44 мегаватт электр энергия беради. Жами, Тубқараған туманида иккита шамол электрстанцияси қурилади.

БЕРДИБЕК ҚАРТБАЕВ, ЭНЕРГЕТИКА БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

 - Ҳар иккала шамол станцияси сармоядорлар маблағига қуриляпти. Биринчи лойиҳа қуввати 43,6 МВт. Унда монтаж ишлари якунланган. Сентябрь ойидан 42 мегаваттли иккинчи станция қурилиши бошланган. Мазкур мажмуалар тўлақонли ишлай бошлаши билан Форд Шевченко шаҳри тўла электр энергияси билан таъминланади.

Ўтган йили Жамбил, Манғистау, Алмати ва Қарағанди вилоятларида қайта тикланувчи энергия манбалари ишга тушди. Қозоғистонда жами 65 мажмуа ишлаб турибди. 12 та шамол, 19 қуёш, 33 гидро электрстанциялар ва битта биогаз ускунаси шулар қаторида.