“Аждодлар изидан” илмий экспедицияси Хевронда

“Аждодлар изидан” илмий экспедицияси Хевронда

“Аждодлар изидан” илмий экспедицияси Қуддус шаҳридан 30 километр узоқликда жойлашган муқаддас шаҳар – Хевронга етиб борди. Бу шаҳарнинг энг эътиборга сазовор маскани – патриархлар мақбараси. У ерда Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб алайҳиссалом ва уларнинг рафиқалари дафн этилган. Улкан бино 2 минг йил муқаддам қурилган. Турли замонларда бу муқаддас жойларга мусулмонлар, салибчилар эгалик қилган. 13-асрда эса Бейбарс етиб келган. У 700 йилдан зиёд амал қилган ўз қоидаларини жорий этган.

РАФИ ҚАСИМОВ, ТАРИХЧИ:

 - 1263 йилда, салибчилар қалъаларига бораркан, йўл-йўлакай Бейбарс бу ерда бўлган ва муқаддас жойларга мусулмон бўлмаганларни, яъни насронийларни ҳам, яҳудийларни ҳам киритмасликни буюрган.

Бейбарс салибчилар билан муваффақиятли курашди. У қалъаларни бир четдан босиб олиб, Яқин Шарқни озод қилди. Олимларнинг фикрича, бу ғалабаларга султоннинг оқилона қарорлари туфайли эришилган. Шуни ҳам айтиш керакки, ўша даврда Бейбарс ўзига хос почта хизматини йўлга қўйган.

КАТЯ СИТРИН-СИЛЬВЕРМАН, ТАРИХЧИ:

 - Маълумот юборишни мамлуклар мукаммал йўлга қўйишган. Бир неча километр масофада почта бинолари қурилган. Бошқа усул ҳам бор эди: почта кабутарлари. Учинчи хил маълумот узатиш усули: жуда тез хабар етказувчи сигнал маёқлари. Шунингдек, Қоҳирадаги мамлук султонларига ичимликларни совутиш учун қор ва муз зарур бўлиб, Ливан тоғларидан келтирилган.

Мамлуклар Қуддусдаги Ибодатхона қоясини сақлаб қолишда катта хизмат кўрсатишди. У ерда мусулмонларнинг бир қанча муқаддас жойлари бор. Масалан, Ал-Ақсо масжиди. У исломнинг Макка ва Мадинадан кейинги учинчи муқаддас қадамжоси ҳисобланади.

САПАР ИСҚАҚОВ,  “АЖДОДЛАР ИЗИДАН” ЭКСПЕДИЦИЯСИ РАҲБАРИ:

 - Ал-Ақсо масжидини 7-8-асрларда араблар бунёд этган. Салибчилар бостириб киргач, бу ер қирол саройига айлантирилган. Аммо 1187 йилда Салоҳиддин салибчиларни қувиб чиқаргач, бинони тиклади. Шундан сўнг мажмуани ободонлаштириш билан аждодларимиз – мамлуклар шуғулланишди.

Масжиднинг олтинранг гумбазини Қуддуснинг деярли барча нуқталаридан кўриш мумкин. Бино ичида коинотнинг кўҳна тоши бор. Ривоятга кўра, Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васаллам шу жойдан самога кўтарилган. Мамлуклар даврида муқаддас жой қайта тикланган ва ички томони безатилган.

МИЗИРУ ЯХЬЯ, ТАРИХЧИ:

 - Юқорида бир миллиард майда бўлакчалардан иборат мозаика мавжуд бўлиб, султон Бейбарс даврида ишланган. У Ал-Ақсо масжидини таъмирлаган, шунингдек, унинг атрофида 35 та мадраса – илм даргоҳи қурилган.

Мамлуклар Ибодатхона қоясининг атрофига кўп бинолар барпо этишган. Ўша даврнинг ўзига хос меъморчилиги бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. “Аждодлар изидан” экспедицияси бу объектларни батафсил ўрганиш ниятида.