Қозоғистонда тиббий туризм тобора оммалашмоқда

Қозоғистонда тиббий туризм тобора оммалашмоқда

Қозоғистонда тиббий туризм тобора оммалашмоқда. Биргина ўтган йили шифохоналаримизда даволаниш учун 2 мингдан зиёд хорижлик ташриф буюрган. Йил сайин жаҳоннинг 45 мамлакатидан келаётган хорижликларнинг кўпчилиги МДҲ фуқаролари. Айниқса, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистондан келувчилар кўп. Аммо АҚШ, Германия, Нигериядан келаётганлар ҳам оз эмас. Тиббий хизматлар сифати юқорилиги, халқаро сертификатлаш, мутахассислар малакаси ва замонавий асбоб-ускуналар Қозоғистондаги даволаш муассасаларининг асосий устун жиҳатларидир.  

ТАЛҒАТ ПАЗИЛБЕКОВ, НЕЙРОХИРУРГИЯ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ МЕДИЦИНА ДИРЕКТОРИ:

- Асосан жуда мураккаб амалиётлар учун келишади. Беморларнинг кўпчилиги оғир аҳволда бўлади. Асосан бош мия ўсмаси, умуртқа касалликлари, бош мия қон томирларида амалиёт бажарилади. Кўпинча, хизмат мураккаблиги, техник ва зарур мутахассислар йўқлиги туфайли уларга яшаш жойларида биз кўрсатаётган ёрдамни бера олишмайди. Баъзиларни эса мамлакатимиздаги тиббий хизмат нархлари ҳам жалб қилаётган бўлиши мумкин.

Мамлакатимизга келган тиббий туристларни асосан кардиохирургия, нейрохирургия, трансплантология, репродуктив тиббий хизматлар қизиқтиради. Бугунги кунда мамлакатимизда JCI халқаро сифат стандартлари томонидан рўйхатга олинган 6 та тиббий ташкилот ишлаб турибди. Мутахассислар фикрича, Қозоғистон минтақадаги тиббий туризм марказига айланиши учун барча имконият бор. Энг муҳими – давлатимиздаги тиббий имкониятлар тўғрисида тўлақонли ахборот тарқатиш. Бу ишда туроператорлар ҳам кўмаклашишлари даркор.

ЖАЗИРА ЖАНКИНА, ТУРОПЕРАТОР:

– Аслини айтганда ҳам JCI аккредитациясидан ўтган, халқаро стандартлар асосида ишлаётган, йирик холдинглар таркибидаги клиникалар мавжудлиги юксак кўрсаткич, барчамизнинг фахримиз. Нейрохирургия марказида амалга оширилаётган юракни имплантация қилиш операциясини олайлик. Бу ишни амалга оширадиган МДҲ майдонидаги ягона клиника Қозоғистон ҳудудида, Астана шаҳрида ишлаб турибди.

Таъкидлаш жоиз, хорижлик пациентларни жалб этиш мақсадида ягона онлайн портал ташкил қилинган, унда юртимиздаги барча клиникалар, улардаги асбоб-ускуналар, тиббий хизматлар, мутахассислар ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, тиббий туризм бўйича махсус колл-марказ ҳам ишлаб турибди.