Қозоғистонда бия сути асосида дори ишлаб чиқилди

Қозоғистонда бия сути асосида дори ишлаб чиқилди

Қозоғистонда инновациявий маҳсулот – бия сути асосида дори ишлаб чиқилди. Олимлар фикрича, уни турли вазиятларда ишлатиш мумкин. Препарат иммунитетни мустаҳкамлайди, микрофлорани ҳамда ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Бундан ташқари, семизлик ва қандли диабет хасталикларини даволашда самарали таъсир кўрсатади.

САМАТ ҚЎЖАХМЕТОВ, МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

- Препарат антибиотиклар ишлатилганидан сўнг микрофлорани тиклашда, сурункали касалликларни даволашда, ноқулай муҳитда бўлган одамлар саломатлигини яхшилашда қўл келишини кўрсатди. Бу йўналишда биз қатор тадқиқотлар олиб бордик. Япония, Хитой, Германия, АҚШ каби чет эл мутахассислари билан ҳамкорликда кўплаб илмий лойиҳаларни амалга оширдик. Натижалар кишини қувонтиради.

Назарбаев Университети олимлари метабиотик ишлаб чиқишди. Барча тадқиқотлар ўтказилди, натижа самарадорлигига шубҳа йўқ. Маҳсулотни фақат рўйхатдан ўтказиш қолган.

САМАТ ҚЎЖАХМЕТОВ, МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

- Пробиотик бор, пребиотик бор,  метабиотик бор, симбиотиклар бор. Бу ерда метабиотик – метаболизм натижасида пайдо бўладиган модда. Қабул қилишингиз билан таъсир кўрсатади. Пробиотиклар – тирик организмлар организмга киргач, 6-8 соатдан сўнг фаоллашади. Бу эса, кўпинча, анча узоқ муддат. Метабиотик дарҳол таъсир кўрсатиши туфайли самара тез кўринади.

Тадқиқотчилар бу маҳсулот устида уч йил ишлашди. 2019 йил охирига бориб, маҳсулот Қозоғистон аптекалари пештахталарига чиқади.