Хорижлик ёшлар Қозоғистон олий ўқув юртларини танлашяпти

Хорижлик ёшлар Қозоғистон олий ўқув юртларини танлашяпти

Хорижлик ёшлар Қозоғистон олий ўқув юртларини танлашяпти. Ўтган йили таълим олиш учун жаҳоннинг турли ҳудудларидан юртимизга 18 минг нафарга яқин талаба келган. Экспертлар фикрича, бир неча йил ичида бу кўрсаткич 50 мингга етиши мумкин. Семей тиббиёт университетида 650 нафарга яқин хорижликлар шифокорлик касби сир-асрорини ўзлаштирмоқда.  Уларнинг кўпчилиги Покистон, Ҳиндистон фуқаролари. Йил сайин Мўғулистон ва Хитой фуқароларининг қизиқиши ортиб боряпти.

МУҲАММАД РАФИҚ КАМАНУР, ТАЛАБА:

- Бу ернинг иқлими менга ёқади. Биз ўқиётган университетда яхши таълим беришади. Одамлар ширинсухан, бир-биримизни яхши тушунамиз. Бизга ҳар жиҳатдан ёрдам беришади. Бу ерда авваллари таълим олган покистонлик, ҳиндистонлик талабалар шаҳар ҳам, одамлари ҳам яхшилигини айтишган. Университетда зарур касбларни ўрганиш мумкин. Дарслар амалиёт билан бирга олиб борилади.

Семей тиббиёт университетига ўқишга кираётган хорижлик талабалар сони сўнгги 20 йил давомида 15 марта ортди. Дастлабки йилларда улар сони 50 нафарга ҳам етмасди. Хорижлик фуқаролар дарсларни яхши ўзлаштира олиши учун лекциялар инглиз тилида ўқилади.

БАҚИТГУЛ ШАКИРОВА, ХОРИЖИЙ ФАКУЛЬТЕТ ДЕКАНИ ЎРИНБОСАРИ:

- Хорижликларни аввало барқарорлик ўзига тортади. Мамлакатимиз фаровон ва жадал ривожланяпти. Ёшлар бу ерда сифатли таълим олади. Бу жиҳатларнинг барчаси талабалар сони ортишига олиб келади. Малакали врачга айланган битирувчилар раҳмат айтиш учун яна ёнимизга келиши қувонарли.

Фақат Семей шаҳрида сўнгги 20 йил давомида 500 дан ортиқ хорижлик фуқаро тиббиёт университетини тугатди. Жорий йилда халқаро намунадаги дипломлар яна 100 нафар чет эллик битирувчига топширилади.