Коворкинг марказлар Қозоғистон ёшлари хизматида

Коворкинг марказлар Қозоғистон ёшлари хизматида

Келажак ёшлар қўлида. Уларнинг ютуқларга эришиши, ўз-ўзини ривожлантириши, жамоат ҳаётида фаол қатнашиши учун Қозоғистонда коворкинг-марказлар қуриляпти. Бу майдончаларда фаол ёшлар тўпланиб, ғояларини муҳокама қилиши, фикрдошлар билан кундалик ҳаётга жорий этиши мумкин. Бундан ташқари, бепул инглиз тили курсларида қатнашиши ва жаҳоннинг етакчи профессорлари лекцияларини онлайн тинглаши мумкин. Яқинда Ақтауда ана шундай коворкинг-марказлардан яна бири очилди.

ЖАНУЗАҚ ДУЙСЕНБАЙУЛИ, ТАЛАБА:

Ҳар инсон ёшлик даврини мазмунли, кўпчиликка фойдали тарзда сарфлашни истайди. Турли фикрлар, ғоялар келади. Уларни рўёбга чиқариш лозим. Энг креатив ғояларни ҳаётга татбиқ этиш имконини берадиган бундай марказлар борлиги жуда соз.

Мутахассислар фикрича, бундай марказлар ёшлар имкониятларини очишга кўмаклашади. 25 ёшли Нурбек Утегенов ўз лойиҳаси устида уч ой ишлади. Майдончада зарур маълумотлар олиш учун барча имкониятлар берилгани таъкидлайди. Бундан ташқари марказ зарур ҳамкорлар билан боғланиш учун жуда қулай, дейди ёш тадбиркор.

НУРБЕК УТЕГЕНОВ, АҚТАУДАН:

Марказда биз турли ғоялар устида ишлаймиз. Ақлий ҳужум қиламиз, дебатлар ўтказамиз. Ўзаро ва тажрибали тадбиркорлар билан мунозара олиб борамиз, уларнинг фикрларини ўрганамиз.

Йил охиригача бундай майдончалар вилоятнинг барча туманларида очилади. Таъкидлаш жоизки, Ёшлар йили доирасида минтақада 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказиш мўлжалланган.