Қизилўрдалик ўқувчи янги таклиф билан чиқди

Қизилўрдалик ўқувчи янги таклиф билан чиқди

Қозоғистон халқи жаҳоннинг энг кашфиётчи миллатларидан – мустақиллик йилларида маҳаллий ихтирочиларга 30 мингдан зиёд патентлар топширилди. Айни вақтда қозоғистонликлар турли соҳаларда янгиликлар ўйлаб топишяпти. Инновациялар муаллифлари қаторида ёшлар ҳам жуда кўп. Ҳатто ўқувчилар ҳам илм бобида ўз кучини синаб кўряпти. Қизил Ўрда Назарбоев интеллектуал мактабининг ўн иккинчи синф ўқувчиси Алтинай Абдижамил юқумли касалликларга чалинишни камайтириши мумкин бўлган илмий кашфиёт муаллифи бўлди. У Оролбўйи ўсимликларининг фитонцид хусусиятларини ўрганиб, “табиий антибиотиклар” рўйхатини тузишга муваффақ бўлди. Қизилмия, зарала, тамариск ва миср толи шулар қаторида. Алтинай аҳоли манзилгоҳларини ушбу дарахтлар билан кўкаламзорлаштириш ҳисобига инфекцион касалликларнинг олдини олишни таклиф қиляпти.

АЛТИНАЙ АБДИЖАМИЛЬ, ЎҚУВЧИ:

- Биз касалликларнинг олдини олиш учун мазкур дарахтларни кўпроқ ўтқазишимиз керак. Айниқса, мактаблар, болалар муассасалари ҳовлисига. Шунингдек, улар ёрдамида шаҳарнинг яшил белбоғини яратиш ғояси ҳам бор. Ёввойи ўсимликларни экиш иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда фойдали. Уларни мунтазам суғориш, куч ва вақт ажратиб парваришлаш шарт эмас.

ДАРИҒА МУНАРБАЕВА, МУАЛЛИМА, БИОЛОГИЯ ЭКСПЕРТИ:

- Натижаларимиз ажойиб бўлди, чунки айнан зарала ўсимлиги жуда кучли фитонцид хосиятга эга экан. ++ у ажратган фитонцидлар грипп, ўткир респиратор касалликлари, ўткир нафас олиш йўллари инфекциялари ва бошқа касалликлар қўзғатувчиларига қарши фаол таъсир кўрсатаркан. Менимча, кўплаб ўсимликларнинг фитонцид фаоллигини ўрганиш олимларимизга улардан тиббий мақсадларда фойдаланиш  имконини бера олади.

Мирас Баймирза - Назарбаев Университети магистранти. У тест топширишга мўлжалланган янги платформа муаллифларидан бири. Платформа-сайт саволларни автоматик шаклда саралайди ва тестнинг қанчалик сифатли тайёрланганини баҳолайди. Унинг таркибидан Назарбоев интеллектуал мактабига киришни хоҳловчилар учун топшириқлар жой олган.

МИРАС БАЙМИРЗА, САЙТ  МУАЛЛИФЛАРИДАН БИРИ:

– Тест топшираётган шахс натижа билан бирга қандай хатоларга йўл қўйгани хусусида таҳлилий маълумот ҳам олади. Унга кўра қайси бўлимларда, фанларда кўпроқ хатога йўл қўйганини билиб олади ва билмаган мавзулари билан шуғулланади.

Бугунги кунда сайт хизматидан мингдан ортиқ одам фойдаланди. Ҳозирча ундан асосан Назарбоев интеллектуал мактабига кириш учун зарур тестлар жой олган бўлса, келажакда платформа орқали ягона миллий тестни ҳам топшириб кўриш мумкин.