Мустақил Қозоғистон тарихида илк бор Ёшлар йили нишонланяпти

Мустақил Қозоғистон тарихида илк бор Ёшлар йили нишонланяпти

2019 йил – Ёшлар йили. Ёшлар йили мустақил Қозоғистон тарихида илк бор нишонланяпти. Йилнинг тантанали очилиши январь ойи охирига мўлжалланган. Сўнгра Президент топшириғига мувофиқ  Ҳукумат махсус йўл харитаси қабул қилади.

АСХАТ ЎРАЛОВ – ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҚЎМИТА РАИСИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

- Ёшлар ва оила ишлари қўмитаси томонидан барча тегишли давлат идораларини бирлаштирган ҳолда минтақалардаги ҳокимликлар таклифини ҳисобга олиб, ноҳукумат ташкилотлар фикрларини тинглаб, йўл харитаси лойиҳасини тайёрладик. Аслини айтганда, у 100 га яқин аниқ тадбирлар, ёшларимизга ҳар жиҳатдан имкониятлар тақдим этувчи ялпи лойиҳалардан иборат.

Йўл харитаси ҳозирги ёшларнинг асосий муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган. Сифатли таълим, иш билан таъминлаш, ҳамёнбоп уй-жой масалалари ва соғлом турмуш тарзи тарғиботи ҳам ҳисобга олинган.

АСХАТ ЎРАЛОВ – ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҚЎМИТА РАИСИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

- Ёшлар йили доирасида биз бўлажак ҳамжамиятимиз билан келишган ҳолда PhD докторантура ва магистратурага қўшимча грантлар ажратишни кўзлаяпмиз. Ай-Ти соҳасига ҳамда бугунги бозор талаб этган йўналишлар ҳисобга олиниб,  қўшимча стипендиялар ажратилади.

Шу билан бирга, ўз ғоясига эга 1 минг манғистаулик ёшлар учун 1 миллион тенгедан қайтарилмайдиган грант ажратиладиган бўлди. Мазкур ижтимоий лойиҳани вилоят ҳокимлиги Жаҳон банки билан бирга амалга оширяпти. Бу маблағ ёшларнинг хусусий иш бошлашларига имконият яратади. Шунингдек, 175 ёшга олий таълим олиш учун вилоят ҳокимининг махсус гранти берилади. Талабалар учун Ақтау шаҳрида 3 минг ўринли 3 та ётоқхона ажратилади.

ДЎСАН ЖЕТКИЗГЕН, ВИЛОЯТ ЁШЛАР ИМКОНИЯТЛАРИ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ:

- «Маслаҳат майдони» деган лойиҳамиз бор. Ундан мақсад – ёшларга давлат дастурларини тушунтириш. Барча мутахассислар билан бирга «7-20-25», уй-жой, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бепул касбий таълим бериш дастурларига оид масалалар аҳоли ўртасида тушунтирилиб, йўлланма берилади.

Ҳозир юртимизда 4 миллионга яқин ёшлар бор. Бу эса аҳолининг 22 фоизини ташкил қилади. Бугунги кунда давлат ёшларни қўллашга қаратилган бир неча лойиҳаларни амалга оширяпти. Элбошининг 5 ижтимоий ташаббуси доирасида таълим олишни истаганлар учун қўшимча 20 минг грант ажратилган.