Қозоғистонда биринчи марта юрак устида гибрид амалиёт ўтказилди

Қозоғистонда биринчи марта юрак устида гибрид амалиёт ўтказилди

Қозоғистонда биринчи марта юрак устида гибрид амалиёт ўтказилди. Пойтахт кардиохирурглари иккита инвазив таъсирни бир вақтда ўтказа олган сайёрадаги саккиз клиника шифокорлари қаторига кирди. 

Шарқий Қозоғистон вилоятида яшовчи 74 ёшли Юрий Дударевга аввал сунъий клапан қўйишди,  иккинчи босқичда эса коронар артерия қўйилди. Бундай амалиётларнинг ҳар бири икки соатдан зиёд давом этади. Бу ерда эса тўрт соатга қолдирмасдан, амалиётлар орасида танаффус қилмасдан бажарилди.

РУСТАМ РАХИМОВ,  КАРДИОХИРУРГ:

- Бир неча йиллардан бери жаҳонда шу тахлитда беморларга ёрдам бериляпти, амалиётлар ўтказиляпти. Бир орган устида айни вақтда бир неча турдаги даволаш ишлари амалга оширилади.

Бундай мураккаб амалиётлар видеога муҳрланади. Масалан, бу ерда Юрий Дадуревга қилинган амалиёт намойиш қилиняпти. Мутахассислар бундай видеоёзувлар республиканинг бўлажак кардиохирурглари учун кўргазмали қурол бўла олади, деб ҳисоблашади. Видеоназоратнинг яна бир устун жиҳати – амалиётни онлайн тартибда назорат қилиш имкони бор, бир неча процедуралар ўтказиш зарурати йўқолади.

СЕРИК МЕНДИҚУЛОВ, КАРДИОХИРУРГ:

- Бу беморга очиқ турдаги амалиёт мумкин эмас эди. Ва у анчадан бери хаста эди. Клиникамизда мазкур икки амалиётни айни вақтда ўтказишнинг имкони топилди. Бу иш биринчи марта бажариляпти. Маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳам бундай ҳолатлар кам, атиги саккиз марта ўтказилган.

Кардиохирурглар бундай амалиётларни кўпроқ ўтказа олишларига умид қилишяпти. Айни вақтда илк бемор Юрий Дударевни кузатиш давом этяпти. У яна бир неча ҳафта давомида стационарда, шифокорлар назорати остида қолади.

ЮРИЙ ДУДАРЕВ, БЕМОР:

- Ўзимни яхши ҳис қиляпман... амалиётни аранг ўтказдим. Чунки вужудим чарчаган, озиб-тўзиб кетгандим. Ҳамширалар ҳатто нина санчадиган жойни ҳам топишга қийналишарди.  Ҳозирча ҳаммаси яхши.

Мамлакатимизда бундай амалиётларга эҳтиёж, бутун дунёда бўлгани каби, анча юқори. Эндиликда мутахассислар гибрид усулини қўллаш туфайли муаммолар йўқолиши ва беморлар тузалиб кетишига умид қилишяпти.