Қозоғистонда Ёшлар йили бошланди

Қозоғистонда Ёшлар йили бошланди

Қозоғистон келажаги. Кириб келган янги 2019 йил Давлат раҳбари фармонига мувофиқ айнан ёш авлодга бағишланган. Бугунги кунда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланяпти. Фан ва таълимни ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилган, имтиёзлар, ёрдам пули, бошқа турдаги давлат кўмаги кўрсатиляпти. Ўз навбатида, ёшлардан фаол ва самарали ҳаракат - аниқ ташаббус ва таклифлар кутиляпти. Жумладан, иш ўринлари ва самарадорлигини ошириш бўйича. Булар ай-ти технологиялари, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги ва робот техникаси соҳаларидаги илмий изланишлар бўлиши мумкин. Улардан энг истиқболлилари Астанада, инновацион лойиҳалар кўргазмасида тақдим этилди.

ДАНИЯР СУНДЕТБАЕВ, «ЖАС ОТАН» ТАШКИЛОТИ ЁШЛАР ҚАНОТИ РАИСИ:

- 2019 йилда, ёшлар йилида кўплаб ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Мисол сифатида улардан бири – бизнинг «NURINTECH» инновациявий лойиҳалар республика танловини кўрсатиш мумкин. Бугунги кунда 30 дан ортиқ қатнашчи финал босқичига ўтди, энг яхши лойиҳалар танлаб олинди, мукофот жамғармаси жами 5 миллион тенгени ташкил этади.   Лойиҳаларимиз келажакда корхоналарга тақдим этилади, тижорий аҳамиятга эга бўлади. Бу борада ўтган йилларда тўпланган тажрибамиз жуда муҳимлигини кўрсатди, биз уларнинг амалда тадбиқ этилишини истардик.   

Хай-тэк ишланмалар муаллифлари бугун мамлакатнинг барча қисмларидан бўлган оддий ўқувчилар, талабалар, ёш фан докторлари. Танлов ташкилотчилари улар эртага янги технологиялар ва робот техникасида шов-шув уйғотган   кашфиётлари билан жаҳонга танилган олимларга айланишига ишонади. Масалан, пойтахт мактабларидан бирининг ўқувчиси Алихан Рахметов кўзи ожизларга ёрдам бериши мўлжалланган ўзига хос сенсорли ҳасса олиб келди. Муаллифнинг айтишича, бундай буюм ҳали ўйлаб топилмаганди.

АЛИХАН РАХМЕТОВ, ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИСИ:

 - Ҳасса икки қисм – корпус ва роботлаштирилган мажмуадан иборат. Корпусга ғилдиракча ўрнатилган, уни кўтариб юриш шарт эмас – ғилдиратиб кетаверасиз. Ғилдирак оддиймас, унинг ёрдамида одам пастдаги тўсиқлар – бордюрлар, зинапояларни сезади. Шунингдек, ҳасса одамнинг бўйига, ер ландшафига қараб созланиши, чўзилиши мумкин. Шу ернинг ўзида уни ишга қўшиш ёки ўчириш тугмачалари жойлашган.

Бу инновациявий лойиҳа муаллифига ғалаба келтириш-келтирмаслиги аниқ эмас. Ёшлар беллашуви натижалари кейинроқ эълон қилинади. Аммо унда иштирок этиш мамлакат келажаги иқтидорли ва истиқболли Қозоғистон ёшлари қўлида эканлигини кўрсатади.