Глобал дунёда Қозоғистон маданияти

Глобал дунёда Қозоғистон маданияти

“Глобал дунёда Қозоғистон маданияти”. Нью-Йоркда шоирлар, публицист ва мусиқачилар иштирокида халқаро форум бўлиб ўтди. Америкалик ёзувчиларнинг таъкидлашича, улар учун республикамиз тарихи ва маданиятига доир янги саҳифа очилди. Қозоғистон делегацияси тадбир қатнашчиларини Буюк дашт мамлакатининг нодир маданий мероси билан таништирди, адабиётнинг маънавий юксалишдаги ўрни борасида сўз юритишди.

ШОМИШБАЙ САРИЕВ, ШОИР, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРБОБ:

- Биз жаҳон саҳнасида мустақил давлат сифатида тан олиндик. Бироқ ҳамон сир бўлиб қоляпмиз. Илдизларимиз асрлар қаърига бориб тақалади. Шу боис биз ҳақимизда бутун дунё билишига интилишимиз керак. Бу ҳақида адиблар, санъат арбоблари, олимлар гапириши керак.

ОНАЙГУЛ ТУРЖАН, ШОИРА:

- Бундай форумларда қатнашиш биз учун фақатгина йиғилиб сафар қилиш эмас, балки қозоқ адабиётининг кейинги ривожи ва оммалашувини муҳокама қилишдир. Адабиётга эҳтиёж сезадиган халқаро китобхонларни топишимиз керак.

Бу Астананинг 20 йиллиги доирасида ўтказилаётган 4-форум. Шоир-ёзувчилар билан шу каби учрашувлар Сеул, Лондон ва Берлинда ҳам ўтказилди. Нью-Йорк форуми қатнашчилари қозоғистонлик муаллифларнинг янги асарларидан бохабар бўлишди ва мамлакатимиз маданияти ва санъатига бағишланган фотокўргазмани томоша қилишди.

ЛЕОНИД ГОЛДИН, ПРОФЕССОР, ПУБЛИЦИСТ, АҚШ:

- Қозоғистон кишини ҳайратга солишдан тўхтамайди. Яна бир ажойиб тадбир. Аниқроғи, ҳайратомуз дўстона учрашув. Кўпчилик эътирофича, Қозоғистон маҳаллий сарҳадлардан ўтиб, дунёвий ибрат намунасига айланди. Давлатда 100 дан ошиқ миллатлар қандай бирга яшаши мумкин, бу чиндан ноёб мисол. Лотин алифбосига ўтилаётгани ҳақида сўз юритган филология профессорининг чиқиши жуда қизиқарли кечди.

РАВИ БАТРА, ЖАМОАТ АРБОБИ, АҚШ:

- Қозоғистон маданияти фақатгина мамлакат ва унинг аҳолиси учунгина эмас, бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг ўзига хосликларидан бири номадлар маданияти билан боғлиқлигидир.

НУРТОРЕ ЖУСИП, “АЙҚИН” ГАЗЕТАСИ БОШ МУҲАРРИРИ:

- Адабиёт, санъат, маданият – бутун дунёдаги 8 миллиард одамни бирлаштирувчи, яқинлаштирувчи ва  қуролсиз ҳаётга чорловчи улкан бир оламдир. Бундан кейин ҳам адабиётимиз яшнайверсин.

Учрашув иштирокчилари таъкидлаганидек, юксак мақсадлар турли қитъалар, маданиятлар, тиллар ва анъаналарни чинакамига бирлаштиришга қодир.