Қозоғистонни яшил иқтисодиётга ўтказишга бағишланган халқаро конференция

Қозоғистонни яшил иқтисодиётга ўтказишга бағишланган халқаро конференция

Энергия сарфини камайтириш, атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтириш, тикланувчи энергия манбалари улушини кўпайтириш, чиқиндини қайта ишлаш ва сув сифати. Астанада Қозоғистонни яшил иқтисодиётга ўтказишга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчилари саноат корхоналарини энг мақбул ва оммабоп технологияларга ўтиши долзарб масала эканини таъкидлашди.

ВЛАДИМИР МАРЬЕВ, “ЭКОЛОГИК СИЁСАТ МАРКАЗИ” ДИРЕКТОРИ МАСЛАҲАТЧИСИ /РФ/:

 - Энг яхши оммабоп технологияларга ўтиш дегани – бу тикланувчи энергия манбалари, корхоналарни бошқаришга янгича ёндашиш, янги технологияларни қўллаш, умуман олганда саноатни ривожлантиришда экологик принципларга риоя қилган ҳолда мажмуавий  ёндашишдир. Кўриб турганимиздек, экологик ижозат беришнинг мажмуавий тизими ва мавжуд бўлган энг мақбул технологиялар тамойилларига ўтиш тизими Қозоғистонда ҳам ҳаракат бошлаётгани сезилмоқда.

Энг яхши “яшил” амалиётларни жорий этиш ва муваффақиятли қўллаш тажрибасини Қозоғистон яқин хориж давлатлардан олиш ниятида. Шу жумладан, республика Россия экологик сиёсат маркази билан ҳамкорлик қилмоқчи. 

ВЛАДИМИР МАРЬЕВ, “ЭКОЛОГИК СИЁСАТ МАРКАЗИ” ДИРЕКТОРИ МАСЛАҲАТЧИСИ /РФ/:

 - Бундай ҳамкорлик саноатни янги технологияларга шу тамойиллар асосида ўтказиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Бугуннинг ўзида Европа мамлакатлари,  Жанубий Шарқий Осиёнинг ривожланган давлатлари “қазиб олинди, фойдаланилди, ташлаб юборилди” қабилида иш юритиладиган чизиқли иқтисодиётдан такрор айланувчи тизимли иқтисодиётга ўтяпти. Унда чиқинди хомашё сифатида ишлатилади. Натижада, чиқинди полигонлари камаяди, одамларнинг яшаш шароити яхшиланади, айни вақтда корхоналар ишида самарадорлик ортади. Энг мақбул технологиялар тамойилига ўтиш шундан иборат.

Бугунги кунда, таъкидлаш лозимки,  Қозоғистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган қувват улуши жами энергетиканинг бир фоизига ҳам етмайди. Аммо 2020 йилга келиб, бу рақамни 3 фоизга етказиш кўзланган.  Мамлакат тикланувчи энергетика  ва “яшил” технологиялар соҳасида Европа иттифоқининг пешқадамлари билан ҳамкорлик қиляпти, хорижлик сармоядорларни бу ишга фаол жалб этяпти.

СТЕНБЕК МАДСЕН,  ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ҲАМКОРЛИГИ ЕТАКЧИСИ:

- Ҳозир Европа Иттифоқи Қозоғистон билан фаол ҳамкорлик қиляпти, самарали энергетика ва сув тежовчи технологияларни жорий этяпти. БМТ тараққиёт лойиҳаси “яшил иқтисодиёт” моделига кўчиш бўйича Қозоғистонда 4 та лойиҳа бошлаб юборди. Масалан, мактаблардан бирида сувни энергия тежамкорлиги тамойилига мувофиқ сарфлаш технологияси жорий қилинди. Қуёш батареялари, фотосенсорли сув жўмраклари ўрнатилди ва иссиқхоналар учун махсус сув тўпловчилар қурилди. Ақтўбеда тўғонларга сув оқимини созловчи ва тошқин юз бериши эҳтимолини олдиндан билдирувчи ускуналар ўрнатилди. Булар – Европа Иттифоқи молиялаштираётган илғор технологияларни ривожлантириш, амалга татбиқ этишга қаратилган лойиҳалардан баъзилари, холос.

Экспертлар фикрича, Қозоғистонда энг мақбул технологияларга ўтиш жараёни тахминан 10 йилни ташкил қилади. Синовдан ўтган самарали “яшил” усуллар биринчи навбатда экспорт салоҳиятига эга маҳсулотлар чиқаришга жорий этилиши кутилмоқда.