Қозоғистон ва Корея соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Қозоғистон ва Корея соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Қозоғистон ва Корея соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Томонлар ўзаро тажриба, технология ва методика алмашишга умид қилишяпти. Мамлакатимизга ҳар йили Жанубий Кореянинг пешқадам  клиникаларидан  энг яхши врачлар келади. Улар маҳаллий мутахассисларга онкологик касалликларни даволашга оид бой тажрибасини ўргатиш билан бирга, Кореянинг самарали амалиёт тизими ва илғор диагностика технологияларини ҳам Қозоғистон шароитига мослаштиришади.

КИМ ДЭ СИК, КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ  ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ:

 - Бугунги кунда республика тиббиёт хизмати сифатини ошириш ва тиббий марказларни техник жиҳозлаш, мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича муҳим қадамларни амалга оширяпти. Биз Кореяга бораётган пациентлар сони озаяётгани, улар ўз юртида даволанишни афзал кўришаётганини таъкидлашни истардик.

1995 йилдан Қозоғистонда халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлигининг «KOICA» дастури ишлаб турибди. Унинг доирасида фақат сўнгги олти йилда  юздан ортиқ қозоғистонлик врач Кореядаги малака ошириш курсларида ўқиб қайтди.

ГУЛЬДАНА САДИҚОВА ҚОЗОҒИСТОНДАГИ «KOICA»  ДАСТУРИ БИТИРУВЧИЛАРИ ҲАМЖАМИЯТИ ПРЕЗИДЕНТИ:

-  Умуман олганда, ҳисоб-китобимизга кўра, 1500 дан ортиқ одам мазкур дастур доирасида таълим олди. Улардан 50-60 нафари докторантура, магистратурада ўқиб, илмий даражага эга бўлган. Кўпчилиги шу кунларда давлат секторида, хусусий секторда, турли йўналишларда - иқтисодиёт, савдо, инфратузилма ва транспорт, тиббиёт соҳаларида меҳнат қилишади.  «KOICA» бундан ташқари, тиббий хизматдан фойдаланишга ҳам кўмаклашади.

Ли Сонгхун – гастроэнтеролог-эндоскопист шифокор. У тўрт йилдан зиёд вақтдан буён Қозоғистон тиббиётчилари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаяпти. Бу - томонларнинг ўз ташхис услубларини ишлаб чиқаришига имкон яратади.

ЛИ СОНГХУН  ГАСТРОЭНТЕРОЛОГ, ЭНДОСКОПЧИ /ЖАНУБИЙ КОРЕЯ/:

 - Мен Қозоғистондаги клиникамизда Жанубий Кореянинг ягона вакили ўлароқ мутахассис сифатида ўз билимларим, тажрибамни, бор билимимни қозоғистонлик ҳамкасбларим билан бўлишаман. Табиийки, бир вақтнинг ўзида корейс тиббий технологияларини олиб кирувчи вазифасини ҳам бажараман, корейс шифохоналари, клиникалари ҳақида маълумот бераман. Кореяда эса қизиққанларни Қозоғистон ҳақида, ундаги тиббиёт, соғлиқни сақлаш тизими билан таништираман.

Экспертлар айтишича, амалиёт кўрсатаётгани каби Қозоғистон ва Кореянинг соғлиқни сақлаш соҳасида лойиҳалар тузишга оид ҳамкор фаолияти анча самарадор эканлиги маълум бўлди. Шунинг учун ҳам томонлар ҳамкорликни фаол кенгайтиришаяпти. Бошқа соҳаларда ҳам икки давлат янада қизғин ҳамкорлик ришталарини боғлаш ниятида. Мутахассислар фикрича, биринчи навбатда айти-технологиялар соҳаси турибди.