Парламент мажлиси сайловлари 2021 йил 10 январга белгиланди

Партия рўйхатлари асосида ўтказиладиган Қозоғистон Парламенти Мажлиси депутатларининг навбатдаги сайлови 2021 йил 10 январь куни ўтказилиши белгиланди. Республика Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тегишли фармонни имзолади. Қозоғистон халқи Ассамблеяси депутатлари эса 11 январь куни сайланади. Марказий сайлов комиссиясига сайловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш топширилди. Давлат раҳбари таъкидлагани каби, янги сайлов кампанияси арафасида сиёсий модернизация, кўппартиявийликни ривожлантириш ва мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фуқаролар иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилди. Шу жумладан, парламент фаолиятида ҳам ўзгаришлар юз беради, дея эслатди ўз мурожаатида Қосим-Жўмарт Тўқаев. «Қозоғистон Республикаси Парламенти ва унинг депутатлари мақоми тўғрисида»ги Конституцион қонун ҳамда «Парламент қўмиталари ва комиссиялари тўғрисида»ги қонунга парламент оппозицияси институти жорий этиш ва унинг фаолиятини тартибга солишга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мамлакат президенти юртдошларимизни фуқаролик мавқеини намойиш этиш ҳамда келгуси сайловларда фаол қатнашишга чақирди.

 

Фото: nur.kz


×