Махсус ҳарбий-тиббий бўлинма Ливандан қайтди

Махсус ҳарбий-тиббий бўлинма Ливандан қайтди

Қозоғистон ҳарбий шифокорлари Ливандан қайтди. Улар «Нур-Султон» аэропортида тантанали равишда кутиб олинди, деб хабар бермоқда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати. Эслатиб ўтамиз, мутахассисларимиз Байрут, Боуар, Сайд ва Машҳардаги ливанликларга ёрдам кўрсатдилар.

«Шунча вақт давомида тиббиёт ходимларимиз белгиланган барча вазифаларни муносиб даражада бажардилар, чет эллик ҳамкасбларининг  ижобий баҳоларига сазовор бўлишди. Сизни белгиланган вазифаларни бажарганингиз билан чин дилдан табриклайман. Сиҳат-саломатлик, оилавий фаровонлик, ишларингизда муваффақиятлар тилайман», деди вазир ўринбосари, генерал-майор Руслан Шпекбаев ўз қутлов нутқида.

Ливанда икки ҳафтадан кўпроқ вақт ичида шифокорлар 635 беморни қабул қилган. Уларнинг 73 нафари операция қилинган. Турли ёшдаги жабрланганлар  ёрдам сўраб мурожаат қилган, улар орасида болалар, қариялар бор. Ана шундай беморлардан бири чап оёқ суяги жойидан силжиб, синган 90 ёшли қария. Икки томон саъй-ҳаракатлари туфайли операция муваффақиятли амалга оширилди. 

Шифокорлар кўмагидан ташқари Қозоғистон Ливанга дори-дармон шаклида гуманитар юк юборди. Улар Байрутдаги ҳарбий госпиталга юборилган. 

«Ливанликлар жуда миннатдор. Қайтаётганимизда бизга, Қозоғистон Республикасига, Президентимизга чуқур миннатдорчилик билдирдилар.   Маҳаллий одамлар ҳар доим бизни илиқ кутиб олишди. Ҳарбий госпиталда ва шаҳар касалхоналарида ишлаш давомида яхши тажрибага эга бўлдик», дейди Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бош ҳарбий клиник касалхонаси бошлиғининг илмий ва жарроҳлик ишлари бўйича ўринбосари, етакчи жарроҳ, тиббий хизмат полковниги Асқар Маруфов.  

Ҳарбий шифокорлар таъкидлашича, улар фаолият давомида ливанлик ҳамкасблари билан қимматли тажриба алмашдилар. Ливан Қуролли Кучлари Бош Ҳарбий Тиббий Бошқармаси бошлиғи генерал Жўржй Юссеф  ва Ҳарбий госпиталь бошлиғи генерал Абудаҳир Насим билан бўлиб ўтган учрашувда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакатда ҳарбий тиббиётни ривожлантириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган. Ливан томони, айниқса, қозоғистонлик шифокорларга кўрсатилаётган тез ёрдам учун миннатдорчилик билдирган. 

 

Фото: ainews.kz