13 июль – Умуммиллий мотам куни

13 июль – Умуммиллий мотам куни

Бугун Қозоғистонда Коронавирус пандемияси қурбонлари хотирасига мотам куни эълон қилинди. Мамлакатдаги ўйин-кулги тадбирлари ва оммавий ахборот воситаларидаги бундай кўрсатувлар бекор қилинди. Республика бўйлаб ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарда давлат байроқлари бир оз пастга туширилди. Маҳаллий вақт билан 12.00 да Нур-Султонда бир минут сукут сақланади. Масжидларда ўтганларга ажри бўлиши учун қуръон ўқилади, черковларда ибодат ва панихида ўтказилади.

Эпидемия бошланганидан буён дунё бўйича 569 минг нафардан зиёд одам коронавирусдан вафот этди. Қозоғистонда коронавирус қурбонлари сони 375 га етди.

«Мен вафот этганларнинг яқинлари ва қариндош-уруғларига ҳамдардлик билдираман. Бу – ҳаммамиз учун фожиа. Шу боис 13 июль куни Пандемия қурбони бўлган қозоғистонликлар хотирасига миллий мотам эълон қилишга қарор қилдим. Ушбу кунда ҳар биримиз, қаерда бўлсак ҳам, ўтганларни хотирлашимизга ишонаман», деди Давлат раҳбари ўз мурожаатида.

Биринчи президент Нурсултон Назарбоев коронавирус туфайли яқинларини йўқотган юртдошларга ҳамдардлик билдирди.

«Бу мудҳиш касаллик одамларимизни олиб кетяпти. Ҳар биримиз учун оғриқли ва ўрни тўлмайдиган йўқотиш. Ахир ҳар бир ҳолат ортида кўплаб оталар, оналар, фарзандлар, дўст-дугоналар фожиаси бор. Бевақт дунёдан кетган барча азизларимиз қон-қариндошлари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдираман. Бу оғир кунларда сиз билан бирга қайғу чекяпмиз. Барча қийинчиликларни биргаликда, баҳамжиҳат  енгиб келганмиз. Бу сафар ҳам ушбу оғир синовдан муносиб ўтишга ўзимизда куч топа олишимизга ишонаман», деб Элбошининг расмий сайти Қозоғистон Биринчи Президенти сўзларини келтиради.

Бугунги кундаги асосий вазифа – коронавирусга қарши кураш, пациентларга ёрдам бериш, санитария талабларига риоя этиш ва яқинларимиз саломатлиги учун масъулият ҳис этишдан иборат. Парламент Сенати спикери Маулен Ашимбаев ҳамдардлигини изҳор этди.

«Бугун Қозоғистон халқи дард чекмоқда. Биз учун ҳар бир юртдошимизнинг вафот этиши – улкан мусибат. Шу муносабат билан вафот этганларнинг қариндош-уруғлари ва яқинларига таъзия изҳор этаман. Амалга оширилаётган тадбирлар пандемия тарқалиши олдини олиши ва  касалликни енгишга олиб келишига ишонаман. Халқимиз ҳамжиҳатлиги туфайли ўз тарихида бундан ҳам мураккаб синовларни енгиб ўтган. Бугунги кунда ҳам айнан бирдамлигимиз пандемия тарқалишини тўхтата олиши бегумон. Ҳар биримиз яқинларимизга ёрдам кўрсатишимиз ва мутахассислар тавсияларини бажаришимиз керак. Биз ҳар бир юртдошимиз ҳаёти учун курашишимиз зарур!» деб ёзди Маулен Ашимбаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасига.

«Kazakh TV» жамоаси ҳам коронавирус туфайли жон берганларнинг оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, яқинларига ҳамдардлигини билдиради.

 

Фото: inform.kz