АҚШ ва “Толибон” ўртасида шартнома имзоланди

Экспертлар якшанба куни имзоланган АҚШ ва толиблар ўртасидаги шартномани тарихий воқеа, деб атамоқда. У Афғонистонда тинчлик жараёни  бошланганини кўрсатади. Аналитиклар 19 йил давом этган ўзаро зиддиятдан сўнг келишув имзоланганини таъкидлайди. Шартномага мувофиқ, АҚШ ва НАТО 14 ой давомида мамлакатдан қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетади. Айни вақтда, 10 мартда “Толибон” ҳаракати билан Афғонистоннинг бошқа кучлари ўртасида музокаралар бошланади. Шу жумладан, томонлар “доимий ва ҳар томонлама” ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилади.

ДИМОСТЕНИС ДИМОПУЛОС, ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАР БЎЙИЧА ЭКСПЕРТ:

- Минтақада, айниқса, Афғонистонда, хавфсизликка энг жиддий хавф туғдираётган нарса – террорчилар ва уларга алоқадор кучлар, шунингдек, уюшган жиноятчи гуруҳлар фаолияти. Қобилиятлар ва капиталларнинг хорижга оқиб кетаётгани ҳам муаммолардан бири. Уларни ҳал этишнинг, хусусан, Афғонистон учун энг мақбул йўли – зўравонлик ва зиддиятларга барҳам бериш, афғонистонликларга барқарор, ишончли ва халқ манфаатида иш юритадиган, бунинг учун барча ваколатларга, қудратга эга ҳукумат шакллантириш имкониятини яратишдан иборат. Айтиш жоиз, Афғонистонда бугунги кунгача еттита демократик сайлов бўлиб ўтди. Бу ҳам жуда муҳим. Зеро, ушбу ҳолат афғон халқининг ўз мамлакатида демократик идоралар яратиш, демократик маданият шакллантиришни исташи, бу йўлда ҳаракатланишини кўрсатади.

Минтақа республикалари, албатта, афғон муаммосини ҳал этишдан манфаатдор, бунинг учун ягона фикрга келиб улгурган. Афғонистонга шунчаки инсонийлик ёрдами эмас, инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқаришда ёрдам керак. Бу стратегия, халқаро аналитиклар фикрича, жуда тўғри. Чунки муҳтож одамларга балиқ эмас, қармоқ бериш кўпроқ самара беради.

- Афғонистон савдо ва транзит маркази сифатида Марказий Осиё иқтисодиётининг ажралмас қисмидир. Шунинг учун бу заминда вазият барқарорлашмаса, минтақадаги қўшни мамлакатлар ҳам хавфсизлик, фаровонлик ва барқарорликка эриша олмайди.

Афғонистонни таҳдид эмас, салоҳияти очилмаган истиқболли ҳамкор сифатида кўриш катта муваффақиятлар кафили бўлиши мумкин. Экспертлар айтишича, бундан амалда ижобий натижалар келиб чиқиши мумкин. Шу боис, Қозоғистон афғон талабалари учун таълим ва ижтимоий муҳим иншоотлар бунёд этиш дастурларини рўёбга чиқармоқда. Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси, Туркманистон газ етказиб беряпти. Бу мамлакатлар билан бевосита авиа ҳамда темирйўл алоқаси ташкил қилинган.

Фото: topwar.ru