Қозоғистон Президент Яқин Шарқда вазият кескинлашуви муносабати билан чегараларни мустаҳкамлашни буюрди

Бугун Ақўрдада Яқин Шарқда вазият кескинлашуви муҳокама қилинди. Давлат раҳбари Президент маъмурияти, куч ишлатиш тузилмалари ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятини қабулига чақирди. Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, шунингдек, бошқа идоралар раҳбарлари Форс кўрфазида юзага келган вазият хусусида ҳисобот беришди.

Яқин Шарқда вазият тўсатдан кескинлашганидан хавотир билдирган Қозоғистон Президенти алоқадор барча томонларнинг имкон қадар сабр кўрсатиши, энг аввало, БМТ орқали, шунингдек, икки томонлама мулоқот  ва музокаралар воситасида дипломатик усуллардан фойдаланиш вазиятни соғломлаштиришга хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатиб ўтди. Учрашув ниҳоясида давлат раҳбари Қозоғистоннинг Яқин Шарқда жойлашган хорижий идоралари ва уларнинг хизматчилари хавфсизлигини таъминлашни топширди.

Шу билан бирга, Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ҳудудидаги хорижий дипломатик ваколатхоналар, компаниялар офислари хавфсизлиги таъминланишини айтиб ўтди.

Ақўрда сайтида таъкидланишича, Қозоғистон мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Фото: akorda.kz