Қозоғистон Президенти Арманистонга иш сафари билан ташриф буюрди

Қозоғистон Президенти Арманистонга иш сафари билан ташриф буюрди. Ереванда Қосим-Жўмарт Тўқаев Олий Евроосиё Иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этади. Аммо Давлат раҳбари иш графигидаги биринчи вазифа – икки томонлама учрашувлар эди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги хусусида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан суҳбатлашди. Шуни ҳам айтиш керакки, 2018 йил якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 13 миллион долларни ташкил қилди.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Мамлакатларимиз орасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истаги жуда кучли. Аммо, шунга қарамай, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланишига халал бериб келаётган қатор объектив ва айни вақтда қайсидир даражада субъектив сабаблар мавжуд. Лекин бу масалада сиёсий ирода яққол кўриниб турибди. Ва биз, албатта, савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Айнан шунинг учун ҳам ҳукуматлараро қўшма комиссия муваффақиятига умид боғлаяпмиз.  

НИКОЛ ПАШИНЯН, АРМАНИСТОН БОШ ВАЗИРИ:

- Албатта, сўнгги йилларда ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларимиз фаоллашиб боряпти. Аммо, менимча, бизнинг салоҳиятимиз анча юксак. Ва биз ана шу потенциалнинг мамлакатларимиз ва халқларимиз толеига рўёбга чиқиши учун ишлашимиз зарур. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи Қозоғистон ва Арманистон бизнеси учун янги имкониятлар очиб беряпти. Ва мен ҳамкорлик йўлида тадбиркорларимизга тобора кўпроқ ёрдам беришимизга ишонаман.

Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти Сингапур Бош вазири Ли Сян Лун билан ҳам учрашди. Икки давлат раҳбарлари бугунги кунда барча даражаларда ўзаро ҳамкорлик рўёбга чиқарилаётганини таъкидладилар. Айни вақтда, давлатимиз раҳбари Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан ҳам учрашди. Томонлар келгуси ҳамкорлик имкониятлари, савдо-иқтисодиёт соҳасини ривожлантириш масалаларини  муҳокама қилдилар. Асосий эътибор қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга қаратилди.

Фото: Акорда