Каспий минтақасининг улкан салоҳияти

Каспий минтақасининг улкан салоҳияти

Жаҳон геоиқтисодий координаталарида Каспий ҳавзасининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Таҳлилчилар бу ҳудуднинг юксак салоҳиятини алоҳида таъкидлайди. Мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг фаол ривожланаётгани ҳам шундан далолат беради. Мустақил агентликлар ҳисобига кўра, Каспийбўйи давлатлари 2025 йилга бориб экспорт туфайли 4 миллиард долларгача даромад кўриши мумкин. Ҳозир эса давлатлар олдида турган вазифа битта: савдо ҳажмини кенгайтириш ва Каспийни денгизда ҳам, қуруқликда ҳам энг самарали транспорт тугунларидан бирига айлантириш.

ЖУМАМУРАТ ҒУРБАНГЕЛДИЕВ, АШХОБОДДАГИ ИНСТИТУТ ПРОРЕКТОРИ:

 - Туркманистон ўз энергозахиралари йўналишини хилмахиллаштириш истагида. Бугунги кунгача энергетикага оид кўплаб лойиҳаларни рўёбга чиқардик. Ушбу лойиҳалар Каспийбўйидаги барча мамлакатлар манфаатларига мос келади. “Қозоғистон-Туркманистон-Эрон” йўли эса “Шимол-Жануб” транспорт йўлагида асосий ҳалқа. 2014 йил охиридан буён бу йўл ишлаб турибди. У мазкур уч мамлакатдан бошқа давлатларга ҳам иқтисодий фойда келтираётгани сир эмас.

Каспийбўйи мамлакатларининг ҳар бири бугунги кунда ўз портлари қувватини оширмоқда. Қозоғистондаги Ақтау порти орқали ўтган йили 3,5 миллион тонна юк ўтказилди. Порт йилига 40 мингта контейнер жўнатиш имкониятига эга. 4 йилдан кейин эса бу кўрсаткич 300 мингтага етиши режалаштирилган. Ақтау яқинида яна бир порт – Қуриқ бунёд этилган. У паромда юк ташишга мўлжалланган. Таъкидлаш жоиз, Каспий бўйлаб чегарадош бўлган давлатлар биргаликда нафақат транспорт инфратузилмалари яратиш, балки йирик инвестицияларни жалб этган ҳолда минтақа янги иқтисодиётини қуриш ниятида. Туркманистонда ўтадиган Биринчи иқтисодий форумда шу ҳақда ҳам сўз боради.

СЕРДАР ДУРДИЕВ, ТУРКМАНИСТОН ЭЛЧИХОНАСИ МАСЛАҲАТЧИСИ /РФ/:

-  Каспий форуми узоқ муддатли келажакда ҳам Каспий минтақаси ва унга ёндош ҳудудларда ҳамкорлик қилишга оид музокара юритиш учун доимий ишлаб турувчи майдонча вазифасини ўташи кутилмоқда. Албатта, бу – Туркманистон учун ҳам, қўшни мамлакатлар учун ҳам фойдали. Биздаги  имкониятларга келганда... энергетика, транспорт, коммуникациялар, шунингдек, савдо, инвестицияни кўрсатиш мумкин. Одамлар келади, кўради, туркман ҳамкасблари билан, бошқа давлатлардан келганлар билан мулоқотда бўлади. 

Демак, 12 август куни Каспий денгизи ҳуқуқий мақоми тўғрисида конвенция имзоланганидан сўнг бир йил ўтгач, беш мамлакат вакиллари ҳамкорликнинг янги уфқларини очувчи музокаралар учун бир даврага йиғилади.

Фото: orient.tm